БМТИ 4 млрдга яқин пул “еб юборилгани” ҳақидаги хабарга жавоб қайтарди
Жамият
−
11 Май 2022
10568Аввалроқ Бухоро муҳандислик-технология институтида 4 млрд сўмга яқин бюджет пуллари нотўғри сарфланиб, талон-торож қилингани ҳақида хабар берган эдик. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги олий таълим муассасасида текширув ўтказиб, шундай хулосага келганди. Бухоро муҳандислик-технология институти агентлик берган ахборот юзасидан раддия эълон қилди.
ОТМнинг маълум қилишича, 2019 йилда Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан қурувчи ташкилот “Fast Quality Building” МЧЖга Бухоро муҳандислик технология институти (кейинги ўринларда – Институт) биносининг 2 корпус фасад қисмини тўлиқ таъмирлаш топшириғи берилиб, ушбу маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланиши айтилган. Пудратчи ташкилот томонидан 2019 йилнинг июль-декабрь ойларида таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Лекин “Fast Quality Building” МЧЖга 2020 йилга қадар шартномада кўрсатилган маблағлар ҳокимлик томонидан ўтказиб берилмаган.
Шундан сўнг қурилиш ташкилоти маблағни ундириш даъвоси билан Институтни судга берган. Бухоро туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 6 ноябрь кунги ажримига асосан, ушбу маблағлар жавобгар Институт томонидан тўлаб берилиши кўрсатиб ўтилган. Гарчи ушбу маблағ (1,27 млрд сўм) қурувчи ташкилотга вилоят ҳокимлиги томонидан тўланиши кўзда тутилган бўлса-да, олий ўқув юртидан даъвогар МЧЖ ҳисобига мажбурий ундирув амалга оширилган.
ОТМ 1,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўғридан-тўғри тендер танловларисиз бажарилгани ҳақидаги фикрга ҳам изоҳ берган. Қайд этилишича, Институт амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари учун ҳокимлик тўлаб бериши керак бўлган маблағни иложсизликдан, суд қарорини ижро этиш мақсадида тўлаб берган. Бу эса мавжуд қонунчилик талабларидан четга чиқилмаганлигини кўрсатади.
Шунингдек, эълон қилинган маълумотда “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилган 2,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари якунлангани, бироқ тугалланган ишлар Комиссия томонидан қабул қилинмай, унинг кафолат муддати тугамаган бўлса-да, пудратчига 91,5 млн сўм маблағ олдиндан тўлаб берилганлиги келтирилганди. Бу ҳолатга ОТМ қуйидагича тушунтириш берган.
Таъкидланишича, “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ ушбу қурилиш объектини тендерда иштирок этган ҳолда ютиб олган. Шу билан бирга, “Вобкент Сан-тех строй монтаж сервис” МЧЖ томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишлари давомида лойиҳа-смета ҳужжатларида кўрсатилган ёнғин хавфсизлигини таъминловчи тизим, ёнғин хавфсизлиги қутилари (шит) ва бошқа айрим иш турлари қолиб кетгани сабабли ушбу иш ҳажмлари тадбиркор томонидан бажариб берилгандан сўнг, мазкур объект қабул комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда қабул қилиб олиниб, далолатнома расмийлаштирилган.
Бундан ташқари, агентлик хабарида Институтда маблағларни ортиқча сарфланишига йўл қўйилгани ҳақида сўз боради.
“Таъкидлаш ўринлики, ушбу маълумотлар айнан Институтнинг бош аудитори томонидан ўтказилган ички аудит текширувлари натижасида аниқланган.
Жумладан, масъуллар томонидан 18 нафар магистрант ва 7 нафар талабанинг имтиҳонда олган “4” баҳолари қайдномаларга кўчирилишида «5» баҳога ўзгартирилганлиги натижасида 14,7 млн сўмдан зиёд стипендиялар ортиқча тўланган. Мазкур маблағлар ўрнатилган тартибда ундирилиб, ўз вақтида масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган”, дейилади ОТМ баёнотида.
Институтда меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши, қариндош-уруғчилик алоқалари борасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани, табақалаштирилган тўлов, таълим дастурлари ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилишдаги камчиликлар юзасидан қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага маълумот киритилгани ҳақида сўз боради.
Бунга жавобан ОТМ тақдим этилган материаллар Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан ўрганилиб, бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганини таъкидлаган.
“Фақатгина кафедра мудирининг ҳаракатларида оз миқдорда бюджет маблағларини растарата қилиш йўли билан талон-тарож қилиш аломатлари аниқланганлиги боис, ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига юбориш чоралари кўрилган”, дея баёнотни якунлаган ОТМ.