Бухородаги институтида 4 млрд сўм “еб юборилгани” аниқланди

Жамият

image

Бухоро Муҳандислик-технология институтида 4 миллиард сўмга яқин молиявий камчилик аниқланди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди. 

Қайд этилишича, Аксилкоррупция агентлигига келиб тушган мурожаат асосида Бухоро муҳандислик-технология институтида коррупцияни келтириб чиқараётган омиллар, унга сабаб бўлаётган шарт-шароитлар, маблағлардан фойдаланиш ва давлат харидларини амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши аҳволи ўрганилган. 

Ўрганишда Институтнинг молиявий ҳужжатлари қонунчиликка зидлиги, тўловлар тўғри ҳисобланмаслиги, бюджет ва ундан ташқари маблағларнинг ноқонуний сарфланиши, иш ҳақи, стипендия ҳамда бошқа тўловларнинг нотўғри тўлангани, давлат харидлари ва меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилинмаётганлиги каби қатор қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган. Хусусан, давлат харидлари бўйича:

Институтнинг 2-корпуси фасад қисмини капитал таъмирлаш бўйича эълон берилмасдан, танловларсиз 1,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўғридан-тўғри “Fast Quality Building” МЧЖга шартномасиз бериб юборилган. Ушбу ташкилот Соғломлаштириш марказида 303,9 млн сўмлик ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширган.

Шунингдек, институт 1-биносининг 5-қаватида "Vobkent San-tex stop montaj servis" МЧЖ томонидан амалга оширилган 2,4 млрд сўмлик қурилиш ишлари якунланган. Бироқ, тугалланган ишлар комиссия томонидан қабул қилинмаган ва унинг кафолат муддати тугамаган бўлса-да, пудратчига 91,5 млн сўм маблағ олдиндан тўлаб берилган.

Маблағларнинг ортиқча сарфланиши бўйича:

Масъуллар томонидан 18 нафар магистрант ва 7 нафар талабанинг имтиҳонда олган “4” баҳолари қайдномаларга кўчирилишида “5” баҳога ўзгартирилганлиги натижасида 14,7 млн сўмдан зиёд стипендиялар ортиқча тўлангани аниқланди.

Шунингдек, ассистент-ўқитувчиларга 71 та ҳолатда катта ўқитувчи лавозимига белгиланган жами 50,5 млн сўмлик ортиқча иш ҳақи тўланган.

Меҳнат қонунчилиги бўйича:

0,50 ҳисса ташқи ўриндошлик асосида ишловчи кафедра профессори Х.Камилова текширув кунига қадар ишга келмаган бўлса-да, унга январь ойида 4,3 млн сўмлик иш ҳақи ҳисобланиб, мажбурий ушланмалар сақланган ҳолда 3,7 млн сўм тўлаб берилган.

Шунингдек, 0,50 ҳисса профессор лавозимида ишловчи Р.Гуляев ўқув йили юклама жадвалида қайд этилмаган бўлса ҳам, унга табель тўлдирилиб, 2021 йил сентябрь ойидан 2022 йил февраль ойига қадар 18,3 млн сўм иш ҳақи ҳисобланган, мажбурий сақланмалар ушлангандан сўнг 15,9 млн сўм иш ҳақи тўланган.

Ташқи ўриндошлик асосида ишловчи сиртқи бўлим услубчиси Умида Шарипова ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ходими Анвар Жўраевларнинг асосий иш жойидан маълумотнома олинмаган. Дилором Эргашева бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмасисиз диспетчер лавозимига қабул қилинган. Доцент лавозимига ишловчи Институтнинг академик лицейи директори Эминжон Ҳалимов асосий иш жойида 126,6 соат ишда бўлмаган.

Қариндош-уруғчилик алоқалари борасида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги бўйича:

“Машинасозлик технологияси” кафедраси мудири Насрулло Ўриновнинг қўл остида унинг турмуш ўртоғи Муҳаббат Саидова катта ўқитувчи, акаси Абдулло Ўриновнинг ўғли Уйғун Ўринов доцент лавозимида, шунингдек, “Менежмент” кафедраси мудири Шербек Ҳайитовнинг қўл остида турмуш ўртоғи Шаҳло Примова ва синглиси Ирода Ҳайитова ўқитувчи-стажёр лавозимида ишлаётганлиги маълум бўлгвн.

Бундан ташқари, институтдаги 34 нафар тюторларнинг 20 нафари ёшлар билан ишлашда етарли тажриба орттирмаган ҳамда етарли педагогик стажга эга эмас. 29 нафар ходим катта ўқитувчи лавозимига ноқонуний қабул қилинган.

Табақалаштирилган тўлов, таълим дастурлари ҳамда стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилиш бўйича:

Давлат тест марказининг хулосасига кўра, 67 нафар абитуриентнинг табақалаштирилган тўлов-контрактлари миқдори буйруқларда белгиланмаган.

Ўрганишда қўшма таълим дастурлари асосида таълим йўналишларига қабул қилинган 19 нафар абитуриентнинг иккинчи босқич бўйича тест синовларида иштирок этишлари учун танлаган таълим йўналишлари ва ўқишга қабул қилишда буйруқ билан белгиланган таълим йўналишлари бир-бирига мос келмаслиги аниқланган. 

Шунингдек, “Бухгалтерия ҳисоби ва аудит (тармоқлар бўйича)” таълим йўналиши бўйича тест синовида иштирок этган 5 нафар абитуриент “Дастурий инжиниринг” таълим йўналишига ўқишга қабул қилинган.

Мисол учун, “Биотиббиёт муҳандислиги” таълим йўналиши бўйича тест синовида иштирок этган абитуриент Ҳайитбек Алишер ўғли Асроров “Дастурий инжиниринг” таълим йўналишига ўқишга қабул қилинган.

“Инвестицион лойиҳаларга хизмат кўрсатиш ва молиялаштириш” таълим йўналиши бўйича тест синовида иштирок этган 7 нафар абитуриент “Менежмент (тармоқлар ва соҳалар бўйича)” таълим йўналишига, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш” таълим йўналиши бўйича тест синовида иштирок этган 6 нафар абитуриент “Машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш” таълим йўналишига ўқишга қабул қилинган.

Шу билан биргаликда стажёр-тадқиқотчиликка ўқишга қабул қилиш бўйича оммавий ахборот воситаларида эълон берилмаган. Электрон тизим орқали ҳужжат топширмаган фуқаролар тўғридан-тўғри аризалари асосида стажёр-тадқиқотчиликка қабул қилинган, уларнинг аризалари қайд китобидан рўйхатдан ўтказилмаган. Институтда техник ходимларни ишга олиш тартиби белгиланмаган.

Бундан ташқари, Институт ректори Н.Баракаев институтга ходимларни ишга олишда таниш-билишчилик ва қариндош-уруғчиликка йўл қўяётганлиги, жумладан, ўзининг яқин ва узоқ қариндошларини ишга олиб, уларга устама белгилашда ижтимоий адолат мезонларини бузаётганлиги бўйича институт ходимлари томонидан Агентликка мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларда Н.Баракаев турмуш ўртоғи Нодира Иброҳимовани катта ўқитувчи, опасининг қизи Райҳон Валиевани 1,5 ҳисса иш юритувчи ва диспетчер, қайинсинглисининг қизи Умида Шариповани сиртқи бўлим услубчиси ва божаси Илҳом Бафоевни бош аудитор лавозимига ишга олгани, шунингдек, божаси И.Бафоевга 200 фоиз миқдорида иш ҳақига устама белгилаб келгани баён этилган.

Қайд этилишича, агентлик томонидан мазкур мурожаатлар тааллуқлилиги бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилган бўлишига қарамай, ўрганиш кунига қадар бу масалалар ўз ечимини топмаган. Натижада ушбу ҳолатлар ариза муаллифларининг ҳақли эътирозларига ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

Мурожаат асосида институтда ўтказилган ўрганишларда 4 млрд сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.

Баён этилганларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонининг 4-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

202

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг