БМТдан огоҳлантириш: Украина уруши сабаб Осиё ва Африкада озиқ-овқат нархи кескин кўтарилади
Олам
−
25 Февраль 2022
11015БМТ муассасалари Украина халқининг ёнида ва мамлакатга инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширишга тайёр. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти муассасалари томонидан эълон қилинган қўшма баёнотда сўз боради.
“Ҳозирда биз Украинанинг турли ҳудудларидаги ўзгарувчан вазиятни баҳолашга ҳаракат қилмоқдамиз, аммо ҳозирча мен Украина халқи билан бирдамлигимизни билдирмоқчиман. Биз аллақачон ушбу мамлакатдамиз ва кўп йиллик можаролардан чарчаган одамларни қўллаб-қувватлаймиз ва агар гуманитар эҳтиёжлар ортиб кетса, тезда жавоб беришга тайёрмиз”, дейди БМТнинг Украинадаги доимий координатори Оснат Лубрани.
Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД) ҳам Украинанинг жабрланган аҳолисига ёрдам беришга тайёрланмоқда.
ЖООД гуманитар фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш агентлигидир. У инқироздан кейин 72 соат ичида, агар зарар кўрган ҳудудга кириш имкони бўлса, гуманитар юкларни етказиб беришни ташкил қила олади. 2014 йилнинг ноябридан 2018 йилнинг апрелигача ЖООД Украина шарқида кенг кўламли операция ўтказди. Унда бир миллиондан ортиқ одамга нақд пул, озиқ-овқат талонлари ва ҳукумат назорати остидаги ва нодавлат назорати остидаги ҳудудларда рацион берилди.
“Биз қуролли можаролар шароитида тинч аҳолининг аҳволидан чуқур хавотирдамиз. Воқеаларнинг ривожланиши ортидан жабрланганларнинг ҳар қандай инсонпарварлик ёрдамидан тўсиқларсиз фойдаланишини ва у ердаги инсонпарварлик ходимлари хавфсизлигини таъминлаш зарур”, дейди ЖООД Фавқулодда вазиятлар бўйича директори Марго ван дер Вельден.
Қора денгиз ҳавзаси ғалла ва қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича дунёдаги энг муҳим минтақалардан бири бўлганлиги сабабли, Жаҳон озиқ-овқат дастури таъкидлашича, можаронинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсири Украинадан ташқарида ҳам сезилиши мумкин. Оқибатда Осиё, Африка ва Яқин Шарқда харидорлар нон ва гўшт-сут маҳсулотлари нархининг ошишига дуч келишади.
"Ушбу можаронинг тинч аҳоли учун гуманитар оқибатлари ҳалокатли бўлади", дейди БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди.
Урушда ғолиблар бўлмайди, лекин сон-саноқсиз инсонлар ҳаёти мажруҳ бўлиб қолади”, дейди у.
Гранди Украинадаги вазият тез ёмонлашаётгани ва жанговар ҳаракатлар авж олганидан чуқур хавотир билдирган.
“Биз қурбонлар ва хавфсизлик излаб уйларини тарк эта бошлаган кўплаб одамлар ҳақида хабарлар оляпмиз. Фуқаролар ҳаёти ва фуқаролик инфратузилмаси халқаро гуманитар ҳуқуқ доирасида ҳимоя қилиниши керак”, дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги.
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги қаерда зарур ва имкон бўлса, инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишга тайёр, дея давом этган Филиппо Гранди.
LiveБарчаси