БМТда ислоҳотлар ўтказилиши керак – Эрдўған
Олам
−
10 Декабрь 2023
5095Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған шанба куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилишга чақириб, Қўшма Штатлар Ғазо бўйича ўт очишни тўхтатиш бўйича таклифга бошқа давлатлар томонидан қўллаб-қувватланса-да вето қўйиши мумкинлигини қоралади.
У Истанбулда 10 декабрь – Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари кунига бағишланган форумда нутқ сўзлар экан, тадбир иштирокчиларини табриклаш билан бир қаторда БМТни ислоҳ қилиш зарурлигини маълум қилди.
"Афсуски, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан бири – Қўшма Штатлар томонидан ўт очишни тўхтатиш резолюцияси рад этилди. Биз адолатли дунё қуришни айтамиз, аммо АҚШ билан бунинг иложи йўқ", дейди Туркия раҳбари.
Шунингдек, Эрдўған 7 октябрдан бери БМТ Хавфсизлик Кенгаши Исроилни ҳимоя қиладиган кенгашга айланганини билдирган.
У дунёнинг кўп жойларида инсон ҳуқуқлари оёқ ости қилинаётган бир пайтда 10 декабрь – Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари куни нишонланаётгани эриш туюлишини айтиб ўтди.
"Ғарб жамиятларини заҳарли печак каби ўраб олган исломофобия ва ксенофобия инсон ҳуқуқларига таҳдидларнинг боши бўлиб турибди. Ирқчилик, камситиш ва фашистик амалиётлардан энг кўп қурбон бўлган гуруҳ, шубҳасиз, муҳожирларнинг аксарият қисмини ташкил этувчи мусулмонлардир. Терроризм ва экстремизм тушунчалари ниқобида Исломга ҳужум қилиш, мусулмонларни ҳақорат қилиш, бегуноҳларни ўлдириш одатий ҳолга айланди”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия Президенти БМТ ўз ходимларини ҳам Исроил ваҳшийлигидан ҳимоя қила олмаётгани ҳақида гапирган эди.