БМТ журналистни ҳарбийлар отиб ўлдирганини тасдиқлади
Олам
−
24 Июнь 2022
11765Фаластинлик журналист Ширин Абу Акиле исроиллик аскарларнинг ўқидан ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда Женевада бўлиб ўтган матбуот анжуманида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси матбуот котиби Равина Шамдасани маълум қилди.
Журналистнинг қуролли фаластинликлар томонидан ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақидаги Исроил иддаоларига изоҳ берар экан, Шамдасани БМТ вакиллари мустақил текширув ўтказганини қайд этди.
“Биз кўриб чиққан барча маълумотлар, жумладан Исроил армияси ва Фаластин Бош прокуратурасининг расмий маълумотлари Абу Акиле ва унинг дўсти Али Сумудийга қарата отилган ўқлар Исроил хавфсизлик кучлари томонидан қўлланилганини тасдиқлайди”, дейди у.
Шамдасани “бўлиб ўтган воқеаларга қуролланган фаластинликларнинг алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқ”, деб қўшимча қилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси матбуот котибининг эслатишича, Абу Акиле Ғарбий Соҳилдаги Женин шаҳридаги қочқинлар лагерига исроилликлар уюштирган босқинни ёритиш чоғида ҳалок бўлган.
“Биздаги маълумотларга кўра, Исроил ҳарбийлари журналистни ўқ узишлари ҳақида огоҳлантирмаган”, дейди Шамдасани.
Унинг сўзларига кўра, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Тел-Авивдан воқеани тергов қилишни талаб қилишда давом этмоқда.
“Айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак”, дейди Шамдасани.
Эслатиб ўтамиз, Қатарнинг “Al-Jazeera” телеканали журналисти Ширин Абу Акле Фаластинда, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги отишмада ҳалок бўлди. Телеканалга кўра, 51 ёшли журналист 11 май куни эрталаб отишма содир бўлган Женин шаҳридаги фаластинлик қочқинлар лагерига исроиллик ҳарбийларнинг босқинини ёритган. Тўқнашув вақтида “Пресс” ёзуви туширилган ўқ ўтказмайдиган жилет кийган Абу Акленинг бошига ўқ узилган. Журналист шифохонага олиб кетилган, бироқ уни қутқариб қолишнинг имкони бўлмаган. У билан бирга “Al-Quds” мухбири Али Самодий ҳам яраланган.