БМТ вакиллари АҚШ қидирувга берган “Толибон” етакчиси билан учрашди

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари Афғонистон Ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашди. Бу ҳақда “Sputnik” нашри хабар берди

БМТ элчиси Дебора Лайонс ва БМТ Хавфсизлик бошқармаси вакиллари кеча, 15 сентябрь куни Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашди. Учрашувда Афғонистондаги БМТ ҳамда барча гуманитар ходимлар ҳеч қандай тўсиқсиз ва хавфсиз ишлаши зарурлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, унда Афғонистондаги мавжуд вазиятни яхшилаш, иқтисодиётни қайта тиклаш, давлат хизматчилари ва тиббиёт ходимларига иш ҳақини тўлаш, шунингдек, ёрдамга муҳтожларга дори-дармон ва озиқ-овқат етказиб бериш каби масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Маълумот учун, Сирожиддин Ҳаққоний АҚШ Давлат департаменти томонидан ўта хавфли халқаро террорчи, дея эълон қилинган ва қидирувга берилган. Америка у ҳақдаги маълумотлар учун 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган. 

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий миссияни жорий йилнинг 31 август куни тўлиқ якунлади. Бироқ, америкаликлар афғон диёрини тарк этишни якунламасидан 15 август куни мамлакатда ҳокимият алмашди. “Толибон” 15 август куни Қобулга кириб боришди ва эртаси куни уруш тугагани ҳақида эълон қилдилар. Афғонистон президенти Ашраф Ғани “қирғин-баротни олдини олиш мақсадида” мамлакатни тарк этди.

6 сентябрь куни толиблар Афғонистоннинг 34 провинциясидан энг сўнггиси – Панжшер улар назоратига ўтганини эълон қилди. Эртаси куни Афғонистон муваққат ҳукуматининг янги таркиби эълон қилинди.

Қайд этиш керакки, АҚШни ҳолдан тойдирган Афғонистондаги кампанияни Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби Президентлар якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинлари олиб чиқиб кетилди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

192

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг