БМТ вакили дронлар масаласида Россиянинг саволларига жавоб бермади

Олам

image

БМТ Бош котибининг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси ва БМТ ҳуқуқий маслаҳатчиси Мигел де Серпа Соареш Россиянинг ташкилотдаги доимий вакили Василий Небензянинг БМТ котибияти Украинада дронларнинг келиб чиқишини текшириш ваколатига эгами ёки йўқлиги ҳақидаги саволига жавоб бермади.

Небензя ўз нутқи сўнггида Соарешни Украинада учувчисиз самолётлар бўйича текширув ўтказиш имконияти ҳақидаги саволга аниқ жавоб беришга чақирди.

“Мен жаноб Соарешга яна бир савол бермоқчиман – терговни бутун Хавфсизлик Кенгашининг эмас, балки алоҳида аъзо давлатлар талабига кўра бошлаш БМТ Низомининг 100-моддаси ва 2231-резолюция қоидаларини бузиш бўладими ва уларни амалга оширишга БМТ Котибияти томонидан розилик бериш БМТ Низомини бузиш ҳисобланадими?

Мен 2231-сонли резолюцияни қўллаш амалиётини аввалроқ тасвирлаб берган эдим. Менинг дастлабки баёнотимга қўшадиган ҳеч нарсам йўқ. Охирги фаразий саволларга жавоб беришга имконим йўқ”, деб жавоб берди Соареш.

Аввалроқ Небензя БМТ Украинадаги дронлар бўйича текширув ўтказса, Россия ташкилот Котибияти билан муносабатларни қайта кўриб чиқишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган. 

17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади. 

Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. 

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди. 

“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов. 

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг