БМТ украиналикларга 5,6 миллиард доллар гуманитар ёрдам сўрамоқда
Олам
−
16 Февраль 2023
2127БМТ ва унинг ҳамкорлари халқаро ҳамжамиятни 2023 йилда можародан жабр кўрган украиналикларни қўллаб-қувватлаш учун 5,6 миллиард доллар ажратишга чақирди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу маблағнинг 3,9 миллиарди мамлакатда қолган 11 миллион муҳтож украиналикни озиқ-овқат, тиббий ва молиявий ёрдам билан таъминлашга сарфланади.
Яна 1,7 миллиард украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Бу маблағлар 10 та давлатга юборилади, уларнинг ҳудудида ҳозирда Украинадан 4 миллиондан ортиқ муҳожирлар яшайди. Булар Болгария, Чехия, Руминия, Молдова, Венгрия, Эстония, Латвия, Литва, Польша ва Словакия.
БМТ бугунги кунда Украина аҳолисининг қарийб 40 фоизи инсонпарварлик ёрдами ва ҳимоясига муҳтожлигини, қўшни давлатларга украиналик қочқинлар оқими Европада мисли кўрилмаган гуманитар инқирозни келтириб чиқарганини эслатди.
“Деярли бир йил ўтган бўлса ҳам, уруш ҳар куни мисли кўрилмаган миқёсда ўлим, вайронагарчилик ва кўчишларга сабаб бўлмоқда. Биз ёрдам энг қийин аҳоли пунктларига, жумладан, фронт чизиғига яқин бўлган аҳоли пунктларига етиб бориши учун ҳамма нарсани қилишимиз керак. Украина халқининг азоб-уқубатлари тугамайди – украиналиклар ҳали ҳам халқаро ёрдамга муҳтож”, дейди БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва БМТ фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатиш координатори Мартин Гриффитс.
БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди қочқинларни қўллаб-қувватлашда мезбон ҳукуматлар, шунингдек, маҳаллий нодавлат ташкилотлар муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.
“Қочқинлар шунчаки қабул қилинмади, вақтинчалик ҳимоя чоралари уларга ишлаш, хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини берди, улар миллий тизимларга киритилди. Бироқ, биз мезбон давлатларнинг меҳмондўстлигини одатдагидек қабул қилмаслигимиз керак. Қочқинлар ўз уйларига қайтгунларича халқаро ёрдам ва бирдамликни давом эттириш зарур”, дейди Гранди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг хабар беришича, 2022 йилда Украина бўйлаб, жумладан Ҳукумат назорати остида бўлмаган ҳудудларида қарийб 16 миллион киши ёрдам ва ҳимояларни олишга муваффақ бўлди. Олти миллион киши молиявий ёрдам олди, бу Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга ёрдам берди. БМТ Европа мамлакатларидаги миллионлаб украиналик қочқинларга, жумладан, 600 мингдан ортиқ болаларга ҳам ёрдам кўрсатди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъкидлашича, сўралган маблағ Ташкилотга давом этаётган можаро шароитида украиналикларга зарур ёрдам кўрсатишда давом этиш имконини беради.