БМТ украиналик болалардан хавотирда. Улар мажбуран Россиядан депортация қилиниши мумкин

Олам 2418
image

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари (ИҲБОК) кеча, 15 июнь куни украиналик болаларнинг мамлакат шарқидан “мажбурий депортация қилингани”, шундан сўнг улар Россияга асраб олиш учун юборилгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди. 

Мишель Бачелетнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгашига хабар қилишича, ҳозирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси (ИҲБОК) ушбу маълумотни текшираётганини айтди. 

“ИҲБОК ҳозирча бу хабарларни тасдиқлай олмайди ёки бундай вазиятга тушиб қолган болалар сони ҳақида гапира олмайди. Шу билан бирга, биз Россия ҳукуматининг Украинадаги болаларни Россия Федерациясидаги оилаларга кўчиришга рухсат бериш ҳақидаги тахминларидан хавотирдамиз. Бизнинг тушунганимиздек, бундай чоралар оилани бирлаштириш қадамларини назарда тутмайди ва боланинг манфаатларини ҳисобга олмайди”, дейди Бачелет. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (UNICEF) маълумотларига кўра,  Россия босқинидан олдин Украинадаги болалар уйлари, интернатлар ва бошқа болалар муассасаларида 91 мингдан ортиқ бола бўлган. UNICEF айни дамда жамғарма Россия Донбассдан етим болаларни “тезлаштирилган асраб олишга ёрдам бериш учун амалдаги қонунчиликни ўзгартириши” мумкинлиги ҳақидаги хабарлардан хабардор эканини маълум қилди. 

“UNICEF фарзанд асраб олиш ҳеч қачон фавқулодда вазиятлар пайтида ёки ундан кейин амалга оширилмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Гуманитар фавқулодда вазиятда ота-онасидан ажралган болалар етим деб ҳисобланмайди. Шу муносабат билан оилаларни бирлаштириш учун барча имкониятларни таъминлаш зарур”, дейилади жамғарма муносабатида.

15 июнь куни Киевда бўлиб ўтган матбуот анжуманида аъзо давлатлар талабига биноан март ойида Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ташкил этилган Украина бўйича тергов комиссияси маълум қилдики, вақтинча босиб олинган ҳудудлар, айниқса, болалар муассасаларидан кўп сонли болалар ғойиб бўлган.

Комиссия таркибига кирган учта терговчидан бири Жасминка Жумхур матбуот анжуманида ҳозирда Украина давлат муассасалари томонидан бедарак йўқолган болалар ва ўсмирлар сони тўғрисида ишончли маълумотлар йўқлигини таъкидлади. 

Шу муносабат билан, унинг қўшимча қилишича, украиналик етим болалар Россияга олиб кетилгани ва у ерда янги фуқаролик олгани ҳақидаги хабарларни ҳозирча тасдиқлаш мумкин эмас.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3.3
t
×