БМТ Украинага ёрдам бериш учун 4,2 миллиард доллар сўради

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти донорларни 2024 йилда Украинадаги можародан жабрланганлар ва украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлаш учун жами 4,2 миллиард доллар ёрдам беришга чақирди. Бу ҳақда бугун, 15 январь куни Женевада ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Дастлаб БМТнинг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси (OCHA) ва Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси (UNHCR) 2024 йил учун Украина ва унинг аҳолисига ёрдам бериш режасини тақдим этди. Йиғилишда БМТ Бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда вазиятлар бўйича координатори Мартин Гриффитс ҳамда БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди маърузачи сифатида иштирок этди.

“Россия ва Украина ўртасидаги минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган ва миграция оқимини кучайтирган можаро келаси ой икки ёшга тўлади”, дейди Гриффитс.

БМТ томонидан сўралган маблағлар мамлакатда қолган 8,5 миллион муҳтож украиналикларга гуманитар ёрдам кўрсатиш учун 3,1 миллиард доллар ажратишни ҳам ўз ичига олади. Билдирилишича, Украинадаги инсонпарварлик эҳтиёжларига жавоб бериш OCHA томонидан мувофиқлаштирилади. 

Яна 1,1 миллиард доллар эса 2,3 миллион қочқин ва уларни қабул қилувчи жамоаларни қўллаб-қувватлаш учун БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги томонидан мувофиқлаштирилади. 

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Украинада 14,6 миллиондан ортиқ одам, яъни мамлакат аҳолисининг 40 фоизи инсонпарварлик ёрдамига муҳтож. Тахминан 6,3 миллион киши эса мамлакатни тарк этиб, қочқин сифатида яшамоқда. Бироқ, қочоқларнинг 40 фоиздан 60 фоизгача қисми кўпинча паст малакали ишларда ишлаётгани сабабли етарли яшаш шароитига эга бўлмаган ҳолда муҳтож бўлиб қолмоқда.

“Мезбон давлатлар маҳаллий ҳамжамиятларни ҳимоя қилиш ва қамраб олишни таъминлашда давом этмоқда, бироқ кўплаб муҳтож қочқинларга ҳали ҳам ёрдам зарур. Уларга нисбатан хорижда кун кечира олмаётгани учун уйга қайтишга босим ўтказилмаслиги керак”, дейди БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари Филиппо Гранди. 

Матбуот анжуманида журналистлар БМТ Бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитсга халқаро ташкилот бу йил Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокараларини бошлаш имкониятини ҳисобга олганми ёки можаро давом этишини инобатга олган ҳолда режа тузяптими деган савол билан мурожаат қилган. Гриффитс эса бунга жавобан дипломатия ва тинчлик музокаралари унинг ваколатига кирмаслигини айтган.

“Биз доимо дунёнинг барча бурчаклари учун инсонпарварлик ёрдамини режалаштирамиз. Биз тақдим этган ҳар бир режа бутун йилни қамраб олади. Яъни, агар тўсатдан мўъжиза рўй берса ва можаро тугаса, биз украин халқидан кейин энг бахтли одамлар бўламиз ва маблағни Украинани тиклаш учун йўналтирамиз", деган Гриффитс. 

Бош котиб ўринбосарининг қўшимча қилишича, можаро тугаганидан кейин Украинани қайта тиклаш учун ҳар қандай ҳолатда ҳам жиддий миқдордаги моддий ресурслар талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, OCHA директори Эдем Восорну 10 январь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Украинадаги урушга бағишланган йиғилишида 2022 йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирганидан бери мамлакатда 10 минг 200 дан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг