БМТ Укараинага ҳужумдан кейин ҳеч нарсага қодир эмаслигини кўрсатди – Анқара

Олам 8849
image

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг олтинчи ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ислоҳ қилиниши керак. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маъмуриятининг Алоқалар бўлими раҳбари Фаҳреттин Алтун “БМТ Хавфсизлик Кенгаши ислоҳоти: халқаро тартибни тиклашга янги ёндашув” мавзусидаги йиғилиш иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида таъкидлади. 

Унинг сўзларига кўра, БМТ бугунги кунда тинчлик ва хавфсизликни сақлашда самарали роль ўйнай олмайди. Ташкилот Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин умидсизлик намунасини кўрсатган.

“Ўтмишда Босния ва Герцеговина, Руанда, Сурия ва Косовода содир бўлган инсоний фожиаларнинг олдини олишда ожиз бўлган бир ташкилот Россиянинг Украинага қилган ҳужумларида ҳам худди шундай ноумидлик намунасини кўрсатди”, дея таъкидлади у.

Алтуннинг сўзларига кўра, БМТ ҳозирги тузилмаси билан глобал муаммоларни ҳал қилиш масаласини боши берк кўчага олиб бормоқда.

“Биз БМТ ҳозирги тузилмаси глобал муаммоларни ҳал этишда боши берк кўчага олиб бораётганига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз. Биз БМТнинг доимий аъзолари мунозарали вазиятларда тўғридан-тўғри ёки манфаатдор томон бўлиш ташаббусларини қандай тўсиб қўйганини кўрамиз. 5 та доимий аъзо давлатлар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, Осиё, Лотин Америкаси ва Африка давлатларининг ҳуқуқларини поймол қилган ҳолда масалаларни ҳал қилади. Бугун БМТни ислоҳ қилиш керак, дунё фақатгина 5 та давлатдан иборат эмас!”, дейди у

Унга кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти янада адолатли дунё учун чақирувга мувофиқ қайта тузилиши керак.

“Туркия шу доирада ўз таклифини илгари суради ва уни барча давлатлар муҳокамасига очади. Муаммони ҳал қилиш бўйича таклифимиз “Дунё беш давлатдан катта” иборасида келтирилган нуқтаи назарни қабул қилишдир. Бу таклифлар БМТ Хавфсизлик Кенгаши тузилмасини ўзгартиришга қаратилган. Тинчлик ва барқарорлик адолат, мултикултурализм ва ўзаро ҳурматни акс эттирувчи адолатли ва барқарорроқ глобал БМТ тизимини талаб қилади”, дейди Эрдўған маъмурияти вакили.

Маълумот учун, Бу Туркиянинг БМТни биринчи марта танқид қилиши эмас. Республика Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған деярли ҳар йили БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида шундай зарурат борлигини эълон қилади.

Жумладан, 2018 йилда у БМТни дунё муаммоларини ҳал қила олмасликда айблаган эди. Ўшанда у халқаро ташкилот заифлашиб кетгани, ҳамжамият фаластинликлар ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол қилиниши борасида иккилик стандартини қўллаётганини танқид қилганди.

Доимий равишда БМТ фаолиятини танқид қилиб келувчи Президент Эрдўған, 2021 йилда “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” номли китобни ёзди. Китоб муаллифи БМТнинг қонунийлик, имкониятлар, самарадорлик, инклюзивлик, вакиллик ва бошқарув каби муаммоларига эътибор қаратган.

Туркия раҳбари ўз ишида глобал сиёсатдаги иккиланишларга, хусусан, адолатсизлик, миграцион инқироз, халқаро терроризм ва исломофобия муаммосига ишора қилиб, БМТ мисолида дунёдаги камситиш ва икки томонлама стандартларни очиб беради. 

Эрдўған асар орқали "болалар ўлган ва ўлдирилган дунёда бегуноҳ одамлар йўқ" деган ғояни илгари суради. Қолаверса, Эрдўған замонавий жаҳон ҳамжамиятига энг зарур нарса адолат деб ҳисоблайди. 

Шунингдек, у жорий йилнинг 11-13 март кунлари Туркияда бўлиб ўтган Анталия дипломатик форумида яна бир бор БМТга мурожаат қилиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини, хусусан Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш вақти келиб, аллақачон ўтиб кетганини, дунё янги урушлар билан овора бўлиб, эскиларини оқибаталарини бартараф этмаётгани, бунинг ортидан дунёда қочқинлар сони 85 миллиондан ошгани, улар сафига 3 миллион украиналик қўшилгани, Ўрта ер денгизи сувлари эса 25 минг қочқиннинг қабрига айланганини алоҳида қайд этди.

“Янги урушларнинг олдини олишни қўя туринг, 10 йиллардан буён давом этаётган тўқнашувлар ҳал этилмаган бир вақтда ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қила олмайди. Бугун қаерда яшамайлик, дунё улкан қишлоққа айланган даврда “Бошқаси билан нима ишим бор?”, деёлмаймиз. Тўхтатилмаган тўқнашувлар, қарши чиқилмаган зулмлар, курашилмаган муаммолар охир-оқибат бизга ҳам таъсир қилиши, бизни ҳам ёқишини билишимиз керак.

Биз бу аламларга Сурияда, Яманда, Афғонистонда, Ливияда, Ироқда, Араканда ва бир қатор муаммоли ҳудудларда такрор ва такрор гувоҳ бўлдик. Бу можаро ҳудудларида тинч аҳоли,уларнинг аксарияти аёллар ва болалар ҳалок бўлди. Оилавий қадриятлар ва инсоний фазилатларга жиддий путур етди. Халқаро ташкилотларга бўлган ишонч энг тубига тушди. Террорчилик ташкилотлари ва экстремизм бутун дунёда кенг тарқалди”, деган эди Президент Эрдўған дунёга юзланиб.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 105
Рейтинг: 3.1
t
×