БМТ “Толибон” сиёсатини кескин қораловчи резолюцияни маъқуллади
Олам
−
08 Июль 3374 3 дақиқа
Кеча, 7 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси Афғонистондаги вазиятга оид 11 саҳифалик резолюцияни маъқуллади. Унда мамлакатдаги аёл-қизлар билан боғлиқ вазият кескин қораланади. Бу ҳақда “Amu.tv” хабар берди.
Қайд этилишича, якуний овоз беришда 116 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам резолюцияни қўллаб-қувватлаган, 2 давлат қарши чиққан. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, Ғарб давлатлари орасида АҚШ якка ўзи “қарши” овоз берган. “Қаршилар” орасида Исроил ҳам бор. Минтақавий давлатлар, жумладан Россия, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон овоз беришдан тийилган (бетараф қолган).

Резолюция Германия, Ирландия ва Швеция томонидан илгари сурилган бўлиб, унга БМТ Хавфсизлик Кенгаши директивалари, Бош котиб ҳисоботлари ва БМТнинг махсус маърузачиси баҳолари асос қилиб олинган. Ҳужжат “Толибон” давридаги аёллар ва қизларнинг таълим, иш фаолияти ва ҳаракат эркинлигини чекловчи сиёсатини “кескин, кенг қамровли, тизимли ва тобора оғирлашиб бораётган” дея баҳолаб, кескин танқид қилади.
БМТ “Толибон”дан аёллар ва қизларни мактаб, иш жойи, соғлиқни сақлаш, сиёсат ва жамоат ҳаётидан четлатувчи сиёсатини бекор қилишни талаб қилмоқда. Шунингдек, резолюцияда аёлларни жамиятда мазмунли иштирокини таъминлаш тинчлик, тараққиёт ва барқарорлик учун муҳим экани қайд этилади.
Озиқ-овқат ва гуманитар ёрдамга муҳтож бўлган миллионлаб афғонлар, айниқса аёллар ва болалар ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, донор давлатларга ёрдамни тезкор ва тўсиқларсиз етказиб бериш тавсия қилинади.
Ҳужжат сўз эркинлиги ва ахборотга кириш имконини кафолатлаш зарурлигини уқтириб, журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан зўравонлик ва цензура ҳолларини қоралайди. Ноқонуний қатл, асоссиз ҳибслар ва бошқа жиддий ҳуқуқбузарликлар юзасидан тергов ўтказиш ва жавобгарликка тортиш талаб этилади, халқаро ходимлар ҳимоясини таъминлаш сўралади.
Ассамблея Афғонистонда ИШИД, “Ал-Қоида” ва бошқа экстремистик гуруҳлар мавжудлигидан хавотир билдирар экан, мамлакат террорчилар учун паноҳга айланишининг олди олиниши зарурлигини таъкидлайди. Шунингдек, резолюцияда тинч аҳоли ва озчилик гуруҳларни ҳимоя қилиш бўйича кенг қамровли режа ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришининг ўсиши қораланган, кўкнори ишлаб чиқаришга тақиқ қайта жорий этилиши кераклиги айтилган ва қишлоқ ҳудудларида муқобил қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга халқаро ёрдам сўралган.
Ҳужжатда Афғонистоннинг барқарор келажаги учун барча ижтимоий гуруҳларни ифода этувчи инклюзив ҳукумат тузиш лозимлиги таъкидланади. Ички афғонлар мулоқоти ва сиёсий иштирокни қайта йўлга қўйиш орқали ярашув ва қайта қуриш йўлига ўтиш зарурлиги уқтирилади.
Резолюциянинг қабул қилиниши халқаро ҳамжамиятнинг “Толибон” томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларни кескин қоралаётганидан далолат беради. АҚШнинг “қарши” овози Ғарб давлатларининг умумий позициясидан фарқли ўлароқ эҳтимол ижрога оид хавотирлар ёки дипломатик стратегияга боғлиқ бўлиши мумкин. Минтақа давлатларининг бетарафлиги эса геосиёсий эҳтиёткорлик билан изоҳланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ота 7 ёшли қизини 45 ёшли эркакка турмушга бергани хабар қилинганди. Тўй маросими Афғонистоннинг Ҳилманд вилоятида бўлиб ўтган. Бўлажак куёвнинг аллақачон икки хотини борлигига қарамай, боланинг отаси келишувга рози бўлган. Бу воқеа ҳатто “Толибон” орасида шов-шувга сабаб бўлган, улар аралашиб, никоҳни тўхтатган. “Толибон” қизнинг отасини ҳам, унга уйланмоқчи бўлган эркакни ҳам ҳибсга олган. Ҳеч кимга нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган, бироқ маҳаллий манбаларга кўра, эркакка қиз тўққиз ёшга тўлгунга қадар унга уйланиши тақиқланган.
Live
Барчаси