БМТ “Толибон”ни ўлим жазосига мораторий жорий этишга чақирди
Олам
−
12 Май 2023
4732БМТ инсон ҳуқуқлари фаоллари де-факто Афғонистон Олий судининг тошбўрон қилиш, калтаклаш, девор тагига кўмиш каби жазоларни қўллашга рухсат берган қароридан хавотир билдирди. Бу ҳақда ташкилот сайтида келтирилган.
Май ойи бошида Афғонистондаги Муваққат ҳукумат – “Толибон”нинг амалдаги бош судьяси ўринбосари мамлакат бўйлаб судлар 175 кишини “қисос” (қилинган жиноятга тенг бўлган жазо. Масалан, кимдир одам ўлдирса, у ҳам ўлим жазосига ҳукм қилинади) 37 кишини тошбўрон қилиш, тўрт кишини девор тагига кўмиш, 103 кишини эса қамчилаш каби жазоларга ҳукм қилганини маълум қилган.
Ҳукмларни ижро этиш муддатлари кўрсатилмаган.
"Одамларни тошбўрон қилиб ўлдириш ёки девор остига кўмиб ташлаш қийноқ ҳисобланади. Бу шафқатсиз жазолар халқаро ҳуқуққа зиддир", дейилади БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил экспертлари баёнотида.
Шу билан бирга, ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, аёллар кўпроқ гендер дискриминацияси ва суд тизими ходимлари томонидан қўлланилган стереотиплар туфайли тошбўрон қилишга ҳукм қилинади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, расмийлар “Толибон” олий раҳбарининг 2022 йил ноябридаги кўрсатмаларига мувофиқ жисмоний жазо қўллайди. Ўшандан бери БМТнинг Афғонистондаги миссияси маълумотларига кўра, 274 эркак, 58 аёл ва икки ўғил бола оммавий калтакланиш қурбони бўлган.
Бундан ташқари, экспертлар одамларнинг жисмоний жазога ёки ўлим жазосига ҳукм қилинишига олиб келадиган суд жараёнларининг адолатли бўлишидан жиддий хавотир билдирган.
“Биз де-факто ҳокимиятни ўлим жазоси ва жисмоний жазонинг барча турларига, жумладан, калтаклаш, оёқ-қўлларини кесиш ва бошқаларга зудлик билан мораторий жорий этишга чақирамиз”, дея хулоса қилган ҳуқуқ ҳимоячилари.
LiveБарчаси