БМТ Саудия Арабистонига талаб қўйди

Олам 16406
image
-

Саудия Арабистони Ҳукуматини танқид қилгани учун 34 йилга қамалган саудиялик аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Сальма аль-Шеҳаб зудлик билан ва ҳеч қандай шартсиз озод қилиниши керак. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси шундай талаб билан чиқди.

“Биз Саудия Арабистонида саудиялик талабанинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги бир қатор твитлар учун 34 йилга қамалгани ва яна 34 йилга саёҳат қилиш тақиқланганидан даҳшатга тушдик. Бу Саудия Арабистони Ҳукуматининг террорга қарши қонунларидан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва норозилик билдирганларни таъқиб қилиш, қўрқитиш ва қасос олиш учун фойдаланаётганининг яна бир мисолидир”, дейди у.

Лиз Тросселлга кўра, Саудия Арабистони халқаро қонунларга мувофиқ, сўз ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши керак.

“Саудия Арабистони нафақат аль-Шеҳабни озод қилиши, балки камситиш сиёсатини ўзгартиришни қонуний талаб қилганидан кейин қамоққа олинган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг барча ҳукмларини қайта кўриб чиқиши керак. Саудия Ҳукумати халқаро қонунларга мувофиқ, сўз ва уюшмалар эркинлиги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратиши лозим”, дейди БМТ расмийси.

Маълумот учун, Буюк Британиядаги Лидс университетининг докторанти 2021 йил январь ойида ҳибсга олинган ва 265 кун давомида ихтисослаштирилган жиноят судига олиб келинмасдан сўроқ қилинган.

Аввалига у ўтган йил охирида олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди – ҳужжатларга кўра, аль-Шеҳабнинг апелляция аризасидан кейин бу муддат 34 йилга оширилган.

Саудия Арабистони прокуратураси уни жамоат тартибини бузиш, кенг жамоатчилик хавфсизлиги ва давлат барқарорлигига путур етказмоқчи бўлганларга ёрдам бериш, Twitter’да ёлғон ва туҳматга тўла миш-мишларни тарқатишда айблаган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 403
Рейтинг: 3
t
×