БМТ Россия донини экспорт қилиш бўйича чекловларни олиб ташлашга ваъда берди

Олам 5250
image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Россия Федерациясига яқин келажакда дон битимига мувофиқ Россия озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича чекловларни олиб ташлашга ваъда берди. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский “Известия” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бизга натижа келишини ваъда қилмоқда. Қарор қабул қилиш чоғида биз келишувнинг Россия томонидаги қисмини амалга ошириш самарадорлигини ва БМТнинг тегишли саъй-ҳаракатлари самарадорлигини баҳолаймиз”, дейди у.

Полянскийнинг сўзларига кўра, БМТда 18 ноябргача ўз мажбуриятларини бажариш учун вақт бор. Бу сана амалдаги келишув учун мантиқий муддат сифатида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2 ноябрь куни Россия дон битимида иштирок этишга қайтган эди. Жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва бунга аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужумни сабаб сифатида келтириб, ҳужум “дон йўлаги”дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини  таъкидлаган.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланганди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатни Россия, БМТ ва Туркия вакиллари Украина расмийлари билан биргаликда имзолаган. Чунки дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши сабаб БМТ ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Бироқ, октябрь ойида Қрим кўпригидаги портлаш ортидан Россия Президенти Владимир Путин портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 63
Рейтинг: 3.1
t
×