Эрдўған уддалади! Россия дон келишувига қайтади

Олам

image

Россия дон битимида иштирок этишга қайтади. Бу ҳақда бугун, 2 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра,  бундай келишувга эришилганига Эрдоғаннинг Россия етакчиси Владимир Путин билан ҳамда ҳар икки мамлакатнинг Мудофаа вазирлари ўртасидаги музокаралар якунлари сабаб бўлган.

“Яна бир янгилик, менинг Путин билан кечаги музокараларим ва Мудофаа вазиримизнинг Шойгу билан музокараларидан сўнг: дон йўлаги олдиндан режалаштирилганидек, соат 12:00 дан ўз фаолиятини давом эттиради”, дейди Эрдўған.

Нутқ сўнгида Туркия Президентига нота берилган. У уни кўриб чиққач, Туркия ва Россия Мудофаа вазирлари ўртасидаги телефон суҳбатларига ишора қилиб, келишув қайта тиклангани ҳақида эълон қилган.

Қайд этилишича, Украинадан Москвага қарши жанговар ҳаракатлар учун дон йўлагидан фойдаланмаслик тўғрисида ёзма кафолат олинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва бунга аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужумни сабаб сифатида келтириб, ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини  таъкидлаган.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланганди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатни Россия, БМТ ва Туркия вакиллари Украина расмийлари билан биргаликда имзолаган.  Чунки дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши сабаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Бироқ, октябрь ойида Қрим кўпригидаги портлаш ортидан Россия Президенти Владимир Путин портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

68

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг