Иқлим ўзгаришига қарши кураш доирасида иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга ваъда берилганига қарамай, кўплаб давлатлар 2030 йилга келиб энергия ресурсларини қазиб олишни икки баробар кўпайтиришни режалаштирмоқда. Инсоният бундай ёндашув билан глобал исишнинг чегараларини 1,5 даража атрофида ушлаб тура олмайди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Атроф-муҳит дастури (UNEP) янги ҳисоботида айтилган.
Таъкидланишича, келгуси йигирма йил ичида кўплаб ҳукуматлар нефть ва газ қазиб олишни кўпайтиришни режалаштирмоқда. Кўмир ишлаб чиқариш эса бироз камайиши айтилган.
“Бу иқлим ўзгаришининг ҳалокатли оқибатларига олиб келади. Узоқ муддатли исишни 1,5 даража атрофида ушлаб туриш учун ҳали вақт бор, лекин бу имкониятлар ойнаси тез ёпилмоқда”, деб огоҳлантирган UNEP ижрочи директори Ингер Андерсен.
2021 йилги ишлаб чиқариш бўйича ҳисоботда 15 та асосий ишлаб чиқарувчи мамлакатлар келтирилган: Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Канада, Хитой, Мексика, Норвегия, Россия, Саудия Арабистони, Жанубий Африка, Бирлашган Араб Амирликлари ва АҚШ. Маълумотлар шуни кўрсатадики, бу мамлакатларнинг аксариятида ҳукумат ёқилғи ишлаб чиқаришга муҳим сиёсий ёрдам кўрсатишда давом этмоқда.
Қайд этилишича, 2030 йилга келиб Россияда кўмир ва газ қазиб олиш 2019 йилдаги ишлаб чиқариш билан солиштирганда 5 фоиздан ошади.
Умуман олганда, барча давлатлар 2030 йилга келиб, қазиб олинадиган ёқилғини тахминан 110 фоизга кўп ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.