БМТ хавфсизлик кенгаши Мьянмадаги вазиятдан норози
Олам
−
11 Март 2021
2843БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянма ҳарбий режимининг намойишчиларга нисбатан зўравонлигини қоралади.
"Хавфсизлик Кенгаши тинч намойишчиларга қарши зўравонликни, шу жумладан аёллар, ёшлар ва болаларга қарши зўравонликни қатъиян қоралайди", дейилган баёнотда.
Қайд етилишича, БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш намойишларда қатнашгани учун ҳибсга олинганларнинг барчасини озод этишни талаб қилган.
Шунингдек, БМТ Хавфсизлик Кенгаши Мьянмада ҳокимиятнинг демократик тарзда ўтишини қўллаб-қувватлашини эълон қилган.
Баёнот лойиҳаси Буюк Британия томонидан тайёрланган, аммо Хитой, Россия, Ҳиндистон ва Вьетнамнинг илтимосига биноан ҳарбий режимга қарши мумкин бўлган ҳаракатлар тўғрисида огоҳлантиришлар асл матнидан олиб ташланган.
Мьянма хавфсизлик кучлари 3 март куни ҳарбий бошқарувга қарши бўлган намойишчиларга қарата ўт очганди. Бунинг оқибатида 9 киши ҳалок бўлган.
14 февралда ҳам Мьичина шаҳрида намойишчиларга қарата хавфсизлик кучлари ўт очган эди. Оқибатда БМТ маълумотларига кўра, камида 18 киши ҳалок бўлган, 30 нафар намойишчи жароҳат олганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 1 февраль куни Мьянмада ҳарбий тўнтариш юз берди. Мамлакат Президенти Вин Мьин ва ҳукмрон партия раҳбари ҳарбийлар томонидан ҳибсга олинди. Шундан сўнг бутун ҳокимият Қуролли кучлар бош қўмондони Мин Аун Хлаин қўлига ўтди.
Бундан норози бўлган тиббиёт ва давлат ходимлари 2 февраль куни қўчага чиқди. Шундан буён мамлакатда сиёсий мувозанат издан чиқиб, намойишлар давом этмоқда.
LiveБарчаси