БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазо бўйича резолюцияни қабул қилди

Олам

image

Кеча, 22 декабрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши АҚШнинг ветосига йўл қўймаслик учун “ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш” тўғрисидаги дастлабки чақириқсиз, юмшоқроқ резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат матнида ҲАМАС террорчилик ҳужумларида айбланмайди, Исроил эса гуманитар карвонлар устидан назоратни ўзида сақлаб қолади.

Узоқ давом этган музокаралардан сўнг, БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазо секторига оқиб келаётган ёрдам миқдорини ошириш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича резолюция учун овоз берилди, лекин зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирилмади.

15 аъзодан иборат Кенгаш Бирлашган Араб Амирликлари томонидан ишлаб чиқилган ҳужжатга вето ҳуқуқига эга Қўшма Штатлар ўзи хоҳлаган ўзгаришларни талаб қилганидан кейин рози бўлди.

Қабул қилинган матн барча томонлардан Фаластин анклавига озиқ-овқат, дори-дармон ва ёқилғининг “хавфсиз ва тўсиқсиз киришини” зудлик билан таъминлашни талаб қилади ва “ҳарбий ҳаракатларни доимий равишда тўхтатиш учун шарт-шароитларни яратишга” чақиради.

Шу билан бирга, Вашингтон БАА томонидан таклиф қилинган асл нусхага мос келадиган “шошилинч ва барқарор сулҳ” чақирувини қўшиш бўйича Россия таклифини блоклади.

Натижада Россия ва АҚШ овоз беришда бетараф қолди. Шундай қилиб, Хавфсизлик Кенгашининг 13 та аъзоси резолюцияни ёқлаб чиқди.

Ҳужжатда ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб бериш учун “барча мавжуд йўналишлардан” фойдаланиш талаб қилинган.

“Исроил халқаро қонунларга мувофиқ ҳаракат қилишда давом этади, аммо хавфсизлик нуқтайи назаридан ёрдам ўз манзилига етиб бориши ва ҲАМАС қўлига тушмаслиги учун Ғазога йўл олган барча инсонпарварлик юкларини текширишда давом этади”, деб ёзади Исроил Ташқи ишлар вазири Эли Коэн Х платформасида.

Қайд этиш жоизки, бу Яқин Шарқда уруш бошланганидан бери биринчи марта БМТ Хавфсизлик кенгашининг ҳеч бўлмаганда узоқ келажакда “ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш” ҳақидаги сўзларни ўз ичига олган резолюцияни қабул қилишидир.

Ҳаракатсизлиги учун танқид қилинган Хавфсизлик Кенгашида бир неча кун давомида кескин музокаралар давом этди. Дастлаб 18 декабрга белгиланган овоз бериш бир неча бор қолдирилган.

Маълумот учун, БМТ Хавфсизлик Кенгаши 11 ҳафталик урушда фақат бир марта, 15 ноябрь куни “гуманитар пауза”га чақирувчи резолюцияни қабул қилиб, сукунатни бузишга муваффақ бўлган. Яна бешта матн рад этилган ва Қўшма Штатлар ўз ветосини икки марта қўллаган. Айни пайтда БМТ гуманитар агентликлари Ғазо секторидаги ҳар тўрт кишидан бири очликдан азият чекаётгани ҳақида огоҳлантирмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия БМТ Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made