БМТ Бош котиби Россияни қоралади
Олам
−
21 Июль 2023
7877Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг Қора денгиз портларига берган зарбаларини қоралади. Бу ҳақда Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик журналистлар билан мулоқотда маълум қилган.
Қайд этилишича, Гутерриш фуқаролик инфратузилмасининг йўқ қилиниши халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишидан огоҳлантирган.
“Ушбу ҳужумлар Украинадан ташқарига ҳам таъсир кўрсатади. Биз буғдой ва маккажўхорининг жаҳон нархларига салбий таъсир кўрсатмоқдамиз. Бу ҳаммага, айниқса, глобал Жануб аҳолисининг заиф қатламларига салбий таъсир кўрсатади”, дейди Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик.
Маълумот учун, Россия бир неча кундан буён Украина портларига ракета ва дрон ҳужумларини уюштириб келмоқда. Шунингдек, эндиликда Украинага йўл олган Қора денгиз сувларидаги ҳар қандай кема потенциал ҳарбий юк ташувчиси сифатида кўрилмоқда.
Бунга жавобан Киев ҳам Россия ёки Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларига йўл олган кемаларга нисбатан ҳам шундай чоралар кўрилишини эълон қилди.
Украинанинг асосий дон эскпортини амалга оширувчи портларига қилинган ҳужумлар Россия дон келишувидан чиққанидан бир неча кун ўтиб амалга оширилди. Бунга сабаб сифатида эса жорий йил 17 июль куни Қрим кўпригининг бир қисми портлатилгани кўрсатилди. Россия кўприкнинг портлатилишида Украинани айблаб, Одесса ва Николаевдаги портларга қилинган ҳужумни бунинг учун жавоб, дея баҳолади.
Буюк Британиянинг БМТдаги миссияси кеча, 20 июль куни йиғилиш ўтказиб, унда Россия дон келишувидан чиқишининг ижтимоий оқибатларини муҳокама қилди.
Эслатиб ўтамиз, Россия 17 июлдан муддати тугаган дон келишувидан чиққанини эълон қилди. Шунингдек, кеча дон келишуви бўйича Истанбулдаги қўшма мувофиқлаштириш маркази фаолиятини якунлади. Россия келишувнинг узайтирилиши учун ўз талаблари бажарилиши кераклигини таъкидламоқда. Мамлакат келишувга қайтмаган тақдирда муҳтож давлатларга донни текинга етказиб беришини айтганди. Бироқ унинг Одессадаги дон портларига қилган ҳужуми вазиятни янада кескинлаштирди. Ҳужум оқибатида 60 минг тонна ғалла йўқ қилинди. Ғарбда эса эндиликда Россия Қора денгиздаги ҳар қандай фуқаролик кемасига ҳужум қилиши ва бунда Украинани айбдор қилиб кўрсатишидан хавотирлар пайдо бўлди. Эндиликда дон келишувининг узайтирилиши ва жаҳон бозоридаги нарх-навонинг кўтарилмаслиги Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия етакчиси Владимир Путин ўртасидаги музокараларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Икки давлат раҳбарининг ўзаро учрашуви, Туркия томонига кўра, жорий йилнинг август ойида Истанбулда бўлиб ўтиши керак. Россия эса бу ҳақда бирор мужда бермади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь