БМТ бош котиби дунё ривожланишига тўсқинлик қилаётган 6 муаммони санаб берди 

Олам 6204
image

Инсоният барқарор ривожланишга эришиш учун олтита “катта тўсиқ”ни енгиб ўтиши керак. Бу ҳақда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш кеча, 21 сентябрь куни жаҳон ташкилоти Бош ассамблеясининг юқори даражали ҳафталигини очиб бера туриб эълон қилди.

Гутерришнинг фикрича, биринчи муаммо – тинчликнинг йўқлиги. Бош котиб Фаластин-Исроил келишувига эришиш, Афғонистон, Яман, Ливия, Мьянма, Сурия ва дунёнинг бошқа қисмларидаги можароларни тўхтатишга чақирган.

“Ҳарбий тўнтаришлар қайтмоқда. Халқаро ҳамжамият ўртасида бирдамликнинг йўқлиги [муаммоларни ҳал қилишимизга] ёрдам бермаяпти”, дея қўшимча қилди ташкилот раҳбари. Унинг таъкидлашича, дунёнинг иккита йирик иқтисодиёти рақобатлашаётганда, жиддий иқтисодий қийинчиликларни енгиб ўтиб бўлмайди.

Бош котиб иқлим ўзгариши муаммосини иккинчи энг йирик муаммо, деб атади. Гутерриш жорий йилнинг ноябрь ойида Шотландиянинг Глазго шаҳрида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенциясининг 26-Конференцияси иштирокчилари учун муваффақиятли шарт-шароитлар яратишга чақирган. Унинг фикрича, глобал исиш муаммоси масаласи бўйича мамлакатлар ўз олдига янада улуғвор вазифаларни қўйиши керак: глобал ҳарорат кўтарилиши оқибатларига қарши курашиш, молиялаштириш ва мослашувчан дастурларни яратиш.

Дунё миқёсидаги учинчи муаммо сифатида Гутерриш давлатлар ўртасидаги тенгсизликни кўрсатган ва коронавирусга қарши вакциналарнинг тарқатилишини мисол қилиб келтирган. 

“Бой мамлакатлар пандемиядан олдинги ўсиш суръатларига шу йилнинг охиригача эришиши мумкин, кам даромадли мамлакатлар эса йиллар давомида пандемиянинг таъсири остида қолиши мумкин”, дейди БМТ Бош котиби.

Гутерриш навбатдаги тўсиқ сифатида гендер масалаларига урғу берган. Бош котиб ҳамманинг ҳам Бутунжаҳон Интернет тармоғига тенг кира олмаслигини бешинчи муаммо, деб атаган. 

“Дунё аҳолисининг ярми Интернетга кира олмайди. Биз 2030 йилгача барчани [Интернетга] улашимиз керак”, дейди у. 

Авлодлар ўртасидаги келишмовчиликлар ушбу муаммолар рўйхатидан энг сўнггиси бўлиб жой олган. 

“Бизнинг умумий кун тартибимиз дастурига дунёнинг 1,8 миллиард ёш аҳолсининг имкониятларини кучайтириш учун таълимни ўзгартириш бўйича конференция ўтказиш киритилган”, дейди бош котиб.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда АҚШ Президенти Жо Байден ҳам нутқ сўзлаган. Ушбу сессияси жорий йилнинг 27 сентябрига қадар давом этади. 

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 121
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×