БМТ 6 млрд хайрия қилишини айтган Маскка жавоб қайтарди
Олам
−
17 Ноябрь 2021
11641БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) глобал очликка қарши кураш режасини эълон қилди ва миллиардерларни хайрия қилишга чақирди. Бу усул билан ташкилот Tesla асосчиси Илон Маскга жавоб қайтарган.
Жорий йил октябрь ойи охирида WFP бош директори Дэвид Бизли Илон Маск ёки Amazon асосчиси Жефф Безос каби ўта бой одамлар ўз бойликларининг бир қисмини хайрия қилиш орқали дунё очлигини ҳал қилишда ёрдам беришлари мумкинлигини айтганди. Бизлининг ҳисоб-китобларига кўра, бу мақсадлар учун олти миллиард доллар ёки Маскнинг ўша пайтдаги бойлигининг атиги 2 фоизи керак эди.
Бунга жавобан Tesla асосчиси компаниянинг 6 миллиард долларлик акцияларини сотишга ва агар ташкилот пул озиқ-овқат инқирози муаммосини ҳал қилишга қандай ёрдам беришини аниқ ва шаффоф тушунтирса, уларни Жаҳон озиқ-овқат дастурига беришга тайёрлигини билдирганди. Шу билан бирга, Маск WFP 2020 йилда 8,4 миллиард доллар йиғганини таъкидлаб, бу муаммо нима учун ҳал қилинмаганини сўраганди.
Жаҳон озиқ-овқат дастури режасига кўра, 43 мамлакатдаги 42 миллион киши очликдан ўлмаслиги учун 6,6 миллиард доллар керак. WFP Маскга жавобан маблағнинг айнан нималарга сарфланишини тушунтирган.
Маълумот ўрнида, ноябрь ойи бошида Илон Маскнинг бойлиги 300 миллиард доллардан ошиб, уни дунёдаги энг бой одамга айлантирди. Кейинчалик Tesla акциялари сотилиши фонида тадбиркорнинг бойлиги камайди. 16 ноябрь ҳолатига кўра, “Forbes” ва “Bloomberg” унинг ҳажмини 275,5 миллиард доллар ва 279 миллиард долларга баҳолаган. Шу билан бирга, Маск ҳали ҳам миллиардерлар рейтингининг биринчи қаторида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь