Блогерга 21 млнлик жарима, митинглар бўйича қонуний асоси йўқ тартиб... ИИВ изоҳ берди
Жамият
−
16 Декабрь 2022
6569Яқинда 21 млн сўм жаримага тортилган фарғоналик блогер Олижон Ҳайдаров масаласи, шунингдек, ундан аввалроқ журналистлар Инобат Аҳадова ва Шоҳрух Ҳайдаровнинг ИИБ биносига чақиртирилгани ортидан фаоллар Facebook ижтимоий тармоғида #fikrpolitsiyasi челленжини оммалаштирди. Унда фаоллар кўрсаткич бармоғини лаби устига қўйиб, мамлакатдаги сўз эркинлигига нисбатан муносабатини суратлар орқали билдирмоқда.
Кеча, 15 декабюрь куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ИИВ масъуллари билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирлик Матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов блогер Ҳайдаровнинг жаримага тортилиши ва яна бир қатор масалалар юзасидан изоҳ берди.
“Жорий йилнинг 6 декабрь куни Олимжон Ҳайдаровнинг Telegram каналида Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани Шўрсув шаҳарчасида “Албус” деган завод ишчиларининг норозилиги акс этган видеохабар жойланган.
ИИБ ходимлари фуқароларнинг норозилиги бўйича ўрганиш ишларини олиб борган. У шуни кўрсатдики, видео изоҳида ёзилган “Албус” заводининг 10 мингдан ошиқ ишчилари ишсиз қолаётгани, у ерда амалдорларга тегишли бўлган бошқа бир заводнинг газдан узилмагани ҳақидаги гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баённомаси билан ўша Шўрчи шаҳарчасидаги барча ишлаб чиқариш корхоналари совуқ ҳаво туфайли аҳолига табиий газ етиб бориши учун истеъмолдан узиб қўйилган ва алтернатив ёқилғи, яъни кўмирга ўтказилган. Айнан ўша “Албус” корхонаси кўмирга ўтмаган. Шу йилнинг 27 ноябрь куни кўмирга ўтказилиши учун муҳрланган. Лекин корхона кўмирга ўтмаган ва муҳрни бузиб, яна қайтадан газга уланган. Бу ҳолат 29 ноябрь куни текширув жараёни орқали маълум бўлди. Шунингдек, раҳбариятига таъсир чоралари кўрилган”, дея воқеа тафсилотлари билан бўлишди Ғиёсов.
Шунингдек, вазирлик масъулининг маълум қилишича, корхона раҳбари ўзининг таниши Олимжон Ҳайдаровга мурожаат қилган ҳамда газни ёқиш масаласида ёрдам сўраган. Шундан сўнг, "Ҳайдаров ишчиларни йиғиб, улар билан суҳбат ўтказиб, “энди газ ёнмайди”, “корхона ёпилади” деган гаплар билан алдаб, уларга қандай гапириш , қандай қилиб агрессивликни кўрсатиш кераклигини ўргатган".
“4-6 декабрь кунлари ишчилар ўзларини видеотасвирга олиб Олимжон Ҳайдаровга жўнатишган. Бу ҳолат бир неча дубль бўлган. Лекин блогерга бу видеотасвир ёқмаган ва яна бошқатдан видеога олишни топширган. Ишчилар видеотасвирга қайтадан олиб, Олимжон Ҳайдаровга берганидан сўнг, ҳақиқатга тўғри келмайдиган гаплар билан ўз саҳифасига жойлаган.
Албатта, бунга чора кўрилган. Шу заводнинг иш юритувчиси ва яна олти нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддаси ва 201-моддалари билан айбли деб топилиб, бир нафарига ўн сутка, олти нафарига эса беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган”, деди ИИВ ахборот хизмати раҳбари.
Унинг таъкидлашича, блогер Олимжон Ҳайдаровнинг устидан айнан ўша завод ишчиларининг ўзи арз қилган. Бироқ, блогернинг ўзи Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида завод ишчиларига мажбуран ариза ёздирилганини ёзиб қолдирган.
“Суриштирув жараёнида шу завод ишчиларининг тўрт нафари ўзларига ҳуқуқбузарликни содир этишни ўргатгани учун Олимжон Ҳайдаровга чора кўришини сўраб ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳолат ўрганиб чиқилди ва Олимжон Ҳайдаровнинг хатти-ҳаракатлари ҳуқуқий баҳоланиб, у 13 декабрь куни МЖтК 201-моддаси (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) 1-қисми ва 202-2-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) 2-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этганиликда айбланиб, Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 баравари (21 000 000 сўм) миқдорида жарима солинди”
Бироқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳамда адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда “йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартиби”нинг ўзи йўқ.
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов айни шу ҳақидаги журналистлар саволига қуйидагича жавоб қайтарди:
“Эндиликда ушбу қонун лойиҳаси қайтадан кўриб чиқилади ва тез кунларда жамоатчиликка тақдим қилинади.”
Журналистнинг ҳали қабул қилинмай туриб, қанқай қилиб фуқаро жавобгарликка тортилгани ҳақидаги қўшимча саволига эса "умумий маънода давлат ва жамоат тартибини сақлашга қаратилган нормаларнинг йиғиндисини бузганликда айбланиб, жавобгарликка тортилиши мумкинлиги" билан жавоб қайтарди.
“Ушбу нормалар қуйидагилар:
- Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари намойишларни уюштириш тартиби бўйича;
- Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддаси;
- Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 201 ва 202 моддалари;
- Жиноят Кодексининг 2017 моддаси;
- Оммавий тадбирларни тартибга солувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги 205-сон қарори;
Давлат ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган 100 дан ортиқ норматив ҳужжатларда назарда тутилган ва жамоатчилик учун умуммажбурий бўлган қоидалар мажмуи тушунилади.
Ҳозир шу тартиб-қоидаларни умумийлаштириб, Ҳукумат томонидан алоҳида қонун ишлаб чиқилган ва бу тез кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилади”, дея қўшимча қилди Шоҳрух Ғиёсов.
LiveБарчаси