Ўзбекистонда журналистлар таъқибга олиндими? Икки журналист уйига ИИБ ходимлари борганини айтмоқда

Жамият

image

Facebook’нинг ўзбек сегменти бугун тонгдан яна жумбушга келди. Охирги соатларда Тошкентда истиқомат қилиб, журналистик фаолиятини олиб бораётган икки журналист ижтимоий тармоқларда ёзилган пости учун ички ишлар идоралари ходимлари томонидан саволларга тутилаётгани диққат марказида бўлиб турибди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб Oyina.uz портали Бош муҳаррири ўринбосари Инобат Аҳатова ўзининг Facebook саҳифаси орқали хабар берди. 

Аҳатовага кўра, унинг ота-онаси кеча, 8 декабрь куни Самарқанд вилояти Нарпай тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига чақиртирилган.

“Кеча бир ҳолат бўлди. Хонада ўтирсам қишлоқдан телефон жиринглади. Олсам, ойимнинг хавотирли овози. Тинчмисан, аҳволинг яхшими, ишинг тинчми деб сўраб кетди.  Яхши ҳаммаси,  нима гап десам ота-онамни туман ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (паспорт стол)га чақиришгани айтди. Саломатлиги сабаб дадам бора олмаган, онам бориб келибди.  

Қисқаси ойимнинг айтишича, ИИБ ходими (ўзини таништирмабди, онам ҳам шошганидан сўраш эсдан чиққан) ойим билан фейсбукдаги постларим бўйича гаплашибди. Нега бундай ёзди, бу постида нега бунақа деган, нимага унақа каби саволлар. Ота-онам ёши катта инсонлар, ижтимоий тармоқларни кузатмайди. Табиийки, ойим айнан қайси постимни назарда тутишганини унчалик тушунмаган. Фақат сал-пал эслагани анча вақт аввалги постлар, соқол, диний мавзудаги фикрлар бўлган (қизиғи бу мавзулар ҳақида деярли умуман ёзмайман ҳам). Суҳбат сўнггида телефон рақамимни олишган, хавотирга ҳожат йўқлиги ҳам айтилган.  

Бироқ барибир узоқдаги оилам учун ёқимсиз, хавотирли кун бўлди. Зўрға тинчлантирдим, менда ҳаммаси яхшилигига ишонтирдим.  

Умумий воқеа ҳақида билсам-да нега бундай бўлганини очиғи тушунмадим. Нимага чақиришди, нега постларни ёзган мен эмас, ота-онам чақириляпти, айнан қайси постларим уларга ёқмабди, гап эски постлар ҳақида бўлса нега айнан кеча шошилинч чақиришган, мақсадлари нима бўлган?Бу иш орқали ота-онам ва менга руҳий босим қилмоқчи бўлишдими?”, деб ёзади Аҳатова. 

Постда қайд этилишича ИИБ ходимлари журналистнинг ота-онасидан унинг телефон рақамини олган, бироқ орадан бир кун ўтса-да унга ҳеч ким қўнғироқ қилмаган. 

“Айтмоқчи бўлган гапим: мен ҳозир 27 ёшдаман. Ўз ҳаракати, гапи учун ўзи жавоб бериши керак бўлган, муомала лаёқатига эга фуқароман. Ёши улуғ, мен учун саломатлиги ҳамма нарсадан қадрли бўлган ота-онамни бошқа овора қилманглар, бирор нарсани аниқлаштирмоқчи бўлсангиз ўзимдан сўранг.

Фейсбукка келсак у ерда мен шахсий фикрларимни конституцияда кафолатланган фикрлаш, сўз эркинлиги ҳуқуқимдан фойдаланиб ёзаман. Бировнинг эркинлиги, шаънига дахл қилмаган ҳолда, албатта. Кеча, 2022 йил 8 декабрь конституция куни санаси мен учун шундай воқеалар билан эсда қолди. Ноаниқлик, саволлар, яқинларимнинг хавотирлари...” деб ёзган журналист Инобат Аҳатова Facebook’даги пости охирида. 

Шунингдек, Gazeta.uz нашри фотомухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров ҳам бугун эрта тонгдан ички ишлар ходимлари Қарши шаҳридаги уйига қидириб келгани ҳақида Facebook’да ёзди.  

“Эрталабдан уйдан қўнғироқ бўлди, бу гал бегона рақамдан фақат. Кўтарсам, “ички ишларданман, уйинга келдим, қаердасан, қачон келасан, гаплашиб олишимиз керак”, деди бир ноташи эркак. “Тинчликми, ким бу ўзи?”, десам, “ИИБ тергов-қидирув бўлимиданман, Facebook’да бир изоҳ қолдирибсан, шунга”, дея жавоб қайтарди. 

Ана бошланди буёғи. Бечора онам бу нарсаларни у қадар тушунмайди, қон босими кўтарилиб кетибди. Отам хавфсираб алоҳида телефон қилдилар такрор. Хуллас, кап-катта йигит кишининг уйдагиларини тинчини бузишди, саломатлигини хавфга қўйишди! 

Кулгилиси, ИИО ходими бўла туриб, қаерда ўқишимни билмас экан, ваҳоланки профилимда ҳам ёзиб қўйганман катта қилиб. Тошкентда яшайди, шу ерга чақир ишинг бўлса... Умуман, қаерда ёзилган изоҳ учун алоҳида чақиртириш борлиги?! 

Қайси изоҳимлигига аниқлик киритмадию, кимнинг постлигини айтди, эсга тушди”, деб ёзган Шоҳруҳ Ҳайдаров. 

Шунингдек, у дўстлари, яқинлари сиёсатга, бировнинг ҳаётига хавф соладиган, изоҳ ёзмаслиги,  тасдиқланмаган маълумот тарқатмаслигини яхши билишини урғулаган. 

Журналистларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳлари сабаб ота-онаси безовта қилиниши билан боғлиқ масала ижтимоий тармоқда кун тартибига чиқди. Ҳолат жамоатчилик фаоллари орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Хусусан, блогер ва Адлия вазирлиги ходими Шаҳноза Соатова қуйидагича муносабат билдирди: 

“Бу нима – англашилмовчиликми, ўзбошимчаликми, атай қилинган ишми, вояга етган инсоннинг сўзлари учун онасидан сўроқ сўраш қайси мантиқ ва қонунга кўра амалга оширилган – шу каби саволларга  жавоб керак”.

Ички ишлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирганича йўқ.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

263

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг