Блогер Ғаниевнинг “на колени” видеосини тарқатганларга нисбатан текширув бошланди
Жамият
−
01 Октябрь 2021
22425Блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишлар органларида ўтирганини видеога олиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган ходимга нисбатан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова QALAMPIR.UZ сўровига жавобан маълум қилди.
“Ижтимоий тармоқларда блогер Бобур Ғаниевнинг Ички ишларга олиб келингани акс этган видео ва фотони ким томонидан тарқатиб юборилгани юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Айбдор шахс аниқланади ва унга чора кўрилади”, дейди Нилуфар Исахонова.
Шунингдек, QALAMPIR.UZ фуқаро Бобур Ғаниевнинг полда ҳамда руҳий зўриқиш ҳолатида ўтиргани бўйича ҳам изоҳ сўради.
“Бобур Ғаниевга нисбатан ҳеч қандай босим бўлмаган. Сўраганимизда фуқаронинг ўзи чарчагани учун ерга ўтирганини маълум қилди. Бу ҳолат бўйича ҳам, яъни нега айнан ерда ўтиргани бўйича хизмат текшируви ўтказилади. Хизмат текшируви доирасида бунга ҳам баҳо берилади”, дейди Исахонова.
Бундан ташқари, Ички ишлар бош бошқармаси Ахборот хизмати раҳбари фуқаронинг қўл телефони текширилгани сабабини ҳам маълум қилган.
“Бобур Ғаниев томонидан содир этилган қоидабузарликка баҳо бериш мақсадида Ички ишлар органларига олиб кетилган. Блогернинг Ички ишлар ходимларини суратга олган видеосини текшириш жараёнида ҳақиқатан ҳам телефон аппаратида порнографик маълумотлар борлиги аниқланди”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 сентябрь куни тахминан соат 23:30 да Учтепа тумани “Фарҳод” бозори рўпарасида ўтказилаётган “Хавфсиз пойтахт” профилактик тадбири давомида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари томонидан Epica русумли давлат рақами 01 U 909 BB бўлган автомашина тўхтатилган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси 1993 йилда туғилган Аброр Козубаевнинг (интернет тармоғида “Аброр блогер” номи билан танилган) ҳужжатлари текширилган. Шу жараёнда Epica русумли автомашинада йўловчи сифатида ўтирган 1987 йилда туғилган Бобур Ғаниев (интернет тармоғида “Автоблогер Бобур Ғаниев” номи билан танилган) ЙПХ инспекторларини ҳақорат қилиб, жанжал кўтарган. ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан жамоат тартибини бузган. Шундан сўнг транспорт воситасининг ҳайдовчиси Аброр Козубаев, йўловчилари Бобур Ғаниев ва О.Салимов Учтепа тумани ИИО ФМБга олиб борилган.
Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Бобур Ғаниевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган.
LiveБарчаси