Блогер Асадбек Арзиқуловнинг вафоти сабаби очиқланди
3-саҳифа
−
20 Июль 2023 51250 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда вафоти катта шов-шувларга сабаб бўлган блогер Асадбек Арзиқулов (“Asad Algo”) ўлимидан олдин бошидан оғир тан жароҳати олгани ва бир неча кун давомида шифокор кўригига бормагани маълум бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 19 июль куни Асадбек Арзиқулов бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош субдурал гематомаси, бўйин соҳаси қонталаши, иккала тиззаси ва иккала тирсагида кўкарган жароҳатлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам марказига ётқизилган. Бу ҳақда шифокорлар зудлик билан ИИБга хабар берган.
Аниқланишича, шу йилнинг 16 июль куни соат 18:30 ларда Мирзо Улуғбек туманидаги истироҳат боғларидан бирида Асадбек Арзиқулов ва унинг таниши 1997 йилда туғилган А.И. ўртасида жанжал келиб чиққан. Блогер жанжал оқибатида оғир тан жароҳати олган. Сўнг улар ўзаро келишиб олгани сабабли воқеа жойини тарк этган. У бу воқеа юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ва тиббиёт муассасаларига мурожаат қилмаган.
19 июль куни аҳволи ёмонлашгани боис у шифохонага ётқизилган ва бош қисмида жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай блогер вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура томонидан 20 ёшли блогер вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда. Марҳумнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Маълумот учун, марҳум Асадбек Арзиқулов Instagram’да ахлоқсиз видеолари билан танилган эди.
Live
Барчаси