Блинкеннинг ёрдамчиси Ўзбекистонга келиб, Алламжонов ва Мирзиёева билан учрашди

Олам

image

Амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган АҚШ давлат котибининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элизабет Кеннеди Трюдо бугун, 6 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева билан учрашди.  

Алламжонов билан учрашувда давлат органлари очиқлигини таъминлаш, жамоатчилик билан мулоқот, фейк ва ёлғон ахборотларга қарши курашиш, масс-медиа соҳасини ривожлантириш, аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш каби кенг кўламли масалалар муҳокама қилинган. 

“Учрашув самимий ва дўстона руҳда, ҳар икки томон учун самарали ўтди. Трюдо хонимнинг мамлакатимизга ташриф буюрганидан хурсанд бўлдим. У билан суҳбатлашиш, юртимиздаги ўзгаришлар ҳақидаги таассуротларини эшитиш ёқимли бўлди”, деб ёзади Комил Алламжонов ушбу мулоқотга баҳо бераркан.

Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева эса Элизабет Кеннеди Трюдо билан дезинформацияга қарши кураш ва ёшлар ва болалар орасида медиасаводхонликни оширишнинг аҳамиятини муҳокама қилган. У АҚШнинг катта ваколатга эга хонимига Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди фаолияти ҳақида сўзлаб берган. 

“Менга америкалик меҳмоннинг қуйидаги мулоҳазаси жуда ёқди: "Биз америкаликлар сизга нима қилиш кераклигини ўргатишга келганимиз йўқ. Биз ҳамкорлик учун шу ердамиз. Ва биз сизни ишончли ҳамда тенг ҳуқуқли шериклар деб биламиз. Ишончим комилки, олдимизда сермаҳсул ҳамкорлик турибди”, деб ёзган Саида Мирзиёева.  

Маълумот учун, Элизабет Кеннеди Трюдо ташқи ишлар хизматининг юқори мартабали аъзоси ва котибнинг глобал жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчидир. У илгари Мудофаа вазири ёрдамчисининг Жамоатчилик билан алоқалар бўйича ёрдамчиси бўлимида бош ўринбосар лавозимида ишлаган. Трюдо Пентагонга тайинланишидан олдин у Шимолий Ирландиянинг Белфаст шаҳрида АҚШ бош консули ва Покистоннинг Лаҳор шаҳрида АҚШ бош консули лавозимларида ишлаган. Покистондаги лавозимидан олдин у Давлат департаментининг матбуот операциялари бўйича директори ва Вашингтонда департамент матбуот котиби лавозимларида ишлаган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Элизабет Трюдо

Баҳолаганлар

97

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар