Марказий Осиё ва АҚШ Ташқи ишлар вазирларининг C5+1 форматидаги йиғилиши бўлиб ўтди
Жамият
−
28 Сентябрь
4424Кеча, 27 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79-йиллик сессияси доирасида C5+1 минтақавий дипломатик платформаси шафелигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШ Давлат котиби ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш, транспорт-логистика ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик ва фаровонликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг аҳамиятини таъкидлаган. У экологик ўзгаришлар оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эса 2023 йил 19 сентябрда бўлиб ўтган C5+1 давлат раҳбарларининг биринчи саммити якунлари бўйича эришилган келишувларни, шунингдек, Нью-Йорк декларациясини самарали амалга оширишга содиқлигини билдириб, минерал ресурслар бўйича C5+1 мулоқотининг; АҚШ ва Марказий Осиё бизнес ҳамкорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи B5+1 форуми ва ногиронлик ҳуқуқлари бўйича C5+1 махсус сессияси ўтказилаётганини олқишлади.
Иштирокчилар терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий ва кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда радикаллашувга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш ва мувофиқлаштириш зарурлигига келишиб олган.
2025 йилда иштирокчи мамлакатлар C5+1 формати доирасидаги муваффақиятли ҳамкорликнинг ўн йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан томонлар минтақа мамлакатлари ва АҚШнинг глобал масалаларга минтақавий ечимларни излашни давом эттириш, шунингдек, C5+1 дипломатик платформаси доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш истагини олқишлаган.
Маълумот учун, C5+1 формати аслида 2015 йилда ташкил этилган. Ўшандан бери ўтган йили 19 сентябрда биринчи марта давлат раҳбарлари иштирокида саммит ўтказилди. Тадбирда АҚШ Президенти Жозеф Байден, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров, Тожикистон етакчиси Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13-15 март кунлари Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ҳукуматлари ҳамда ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида B5+1 форуми бўлиб ўтган. Унда қатнашган АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси, Миллий хавфсизлик кенгашининг Россия ва Марказий Осиё бўйича катта директори Николас Берлинер Қўшма Штатлар минтақа билан савдо ҳажмини ва у ерга сармоя оқимини оширишга тайёр эканини айтган.
LiveБарчаси