Блинкен Арманистон АҚШ учун муҳимлигини ва уни қўллашини айтди
Олам
−
22 Сентябрь 2023
4460АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Арманистонни 21 сентябрь – Мустақиллик куни билан табриклаб, Вашингтон арман халқининг демократик интилишларини қўллаб-қувватлашга содиқлигини таъкидлади. Табрик матни Давлат департаменти сайтида эълон қилинди.
Блинкен Арманистонни Мустақиллик куни билан табриклар экан, АҚШ ва Арманистон умумий қадриятларга эга эканлигини ва Вашингтон Ереван билан ҳамкорлигидан фахрланишини айтди.
“Арманистон 1991 йилда Совет Иттифоқидан мустақиллигини эълон қилганидан сўнг эркинлик ва ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлига ўтди. Ўшандан бери биз сизнинг демократик қадриятларга, инсон ҳуқуқларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга, барча арманлар учун қонун устуворлигини, иқтисодиёт ва адолатни таъминлашга содиқлигингизни кўрдик. Бу қадриятлар бизнинг қадриятларимизга мос келади ва биз бу соҳаларда Арманистон билан ҳамкорлик қилишдан фахрланамиз”, дейди Блинкен.
У, Қўшма Штатлар арман халқининг демократик интилишларини, суверенитети ва хавфсизлигини қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлади.
“Қўшма Штатлар Арманистон суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ва Жанубий Кавказ минтақасида барча инсонлар ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган мустаҳкам ва муносиб тинчлик ўрнатиш тарафдори бўлиб қолади”, дейди Давлат котиби баёнотида.
У икки томонлама муносабатлар ва иқтисодий алоқалар янада ривожланишига умид қилишини билдирган.
“Келгуси йилда арман халқига фаровонлик ва тинчлик тилайман”, дейди Блинкен табрик сўнгида.
Маълумот учун, 1990 йил 23 августда Олий Кенгаш Арманистоннинг Мустақиллик Декларациясини қабул қилди, унга кўра Арманистон ССР тугатилди ва мустақил Арманистон Республикаси ташкил этилди. 1991 йил 21 сентябрда бўлиб ўтган референдумда аҳолининг кўпчилиги Арманистоннинг СССРдан чиқишини қўллаб-қувватлади. 1991 йил ноябрда Левон Тер -Петросян Арманистоннинг биринчи президенти этиб сайланди. 1991 йил 21 декабрда Арманистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлди.
Илгари, 1918 йил 28 майда Биринчи Арманистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь