Блинкен Ар-Риёдда “қора шаҳзода” билан учрашди
Олам
−
30 Апрель
3786АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти хабар берди.
Давлат котиби Ғазога инсонпарварлик ёрдами ҳажмини оширишни давом эттириш, Ғазода гаровга олинганларни озод қилишни таъминлайдиган зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва можаронинг янада тарқалишининг олдини олиш муҳимлигини таъкидлаган.
“Давлат котиби ва валиаҳд шаҳзода доимий минтақавий тинчлик ва хавфсизликка эришиш, жумладан, минтақа мамлакатлари ўртасида янада кенгроқ интеграциялашув ҳамда АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш орқали амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
Шунингдек, Блинкен ва Ол Сауд минтақавий кескинликни пасайтириш, жумладан, Қизил денгизда навигация эркинлигига путур етказадиган ҳусий ҳужумларини тўхтатиш ва Яман тинчлик жараёнидаги тараққиётни муҳокама қилган.
Валиаҳд шаҳзода Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ва Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмеронни ҳам ўз қароргоҳида қабул қилган. Бироқ Саудия Арабистони давлат агентлиги учрашувлар ҳақида батафсил маълумот бермаяпти.
29 апрель куни Блинкен Саудия Арабистонига етиб борди ва бу унинг минтақавий сафарининг биринчи бекатига айланди. Шу ҳафта Давлат котиби Исроил ва Иорданияга ҳам ташриф буюради ва у ерда Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилади.
Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Мэтью Миллернинг сўзларига кўра, Америка дипломатияси раҳбари асосий эътиборни Фаластин анклавидаги ўт очишни тўхтатиш масаласига қаратади, бу эса ҲАМАС ҳаракати томонидан гаровга олинганларни озод қилиш ва сектор резидентлари учун мўлжалланган инсонпарварлик ёрдами ҳажмини ошириш имконини беради.
Давлат котиби Ар-Риёдда Жаҳон иқтисодий форумининг махсус сессиясида нутқ сўзлади ва Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашининг вазирлар йиғилишида иштирок этди. Блинкен Ар-Риёдда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан ҳам учрашди.
Учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазири Ғазодаги қирғинни тезроқ тўхтатиш, доимий сулҳга эришиш ва Ғазога гуманитар ёрдам етказилиши учун Исроилга босим ўтказиш зарурлигини таъкидлади. Томонлар Украинадаги сўнгги вазият юзасидан фикр алмашган, АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатларни муҳокама қилган.
LiveБарчаси