АҚШ Украинани Россияга зарба беришдан тийиб турибди – Блинкен

Олам

image

АҚШ расмийлари Киевни Россия Федерацияси ҳудудига зарба беришга ундамайди, бироқ улар Украинага ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳарбий ёрдамни кўрсатишда давом этиш ниятида. Бу ҳақда кеча, 6 декабрь куни Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтонда бўлиб ўтган “икки плюс икки” форматидаги АҚШ-Австралия музокаралари якунлари бўйича матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Биз украиналикларни Россия ҳудудига зарба беришга ундамаймиз ва уларга [зарба бериш] имкониятини бермаймиз. Аммо украиналиклар Россиянинг ўз мамлакатларига қарши давом этаётган тажовузи олдида ҳар куни нимани бошдан кечираётганини тушуниш муҳимдир. Бутун дунёдаги ҳамкорларимиз билан биргаликда биз уларнинг ўзларини, ҳудуди ва эркинлигини ҳимоя қилиш учун зарур жиҳозларга эга бўлишини таъминлашга қарор қилдик”, дейди у. 

Маълумки, 5 декабрь куни Рязань вилоятидаги “Дягилево” ва Саратов вилоятидаги “Энгельс” ҳарбий аэродромларига ҳужум қилинган, техник ходимларнинг уч нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган. Расмий Москванинг фикрича, ушбу ҳужум Украинанинг учувчисиз ҳаво воситалари орқали амалга оширилган. Блинкен ушбу ҳолатга муносабат билдириб, шундай дейди: 

“Албатта, биз бу зарбалар ҳақидаги хабарларни кўрдик, бироқ менда батафсил маълумот йўқ”.

Блинкен, шунингдек, Вашингтоннинг Украина бўйича ҳозирги курсига икки партиявий ёрдам сусайиб бораётганини кўрмаганини айтди. 

“Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг ўзига хос жиҳати бу икки партиянинг кучли қўллаб-қувватлашидир. Мен бунинг тугашини кўрмаяпман”, дейди у. 

Шу билан бирга, Давлат котибининг таъкидлашича, Вашингтон ўз сиёсатини жамоатчилик фикрини ўрганиш асосида қурмайди.  

“Биз Қўшма Штатлар манфаатларига асосланган сиёсат қурмоқдамиз”, деб таъкидлади у ва бу манфаатлар, унинг фикрича, Украинага кейинги ёрдам билан мос келишини қўшимча қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Энтони Блинкен Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг