“Бизни қул қилиб сотганмисиз”, деб шикоят қилганлар бўйича Сенат маълумот берди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ижтимоий тармоқларда “Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?” сарлавҳаси остида эълон қилинган видеомурожаат кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани ҳақида хабар бергандик.

Шундан сўнг, мазкур видеомурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси муносабат билдириб, вазият назоратга олингани ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берилиши бўйича сўров юборгани маълум қилинганди

Сенат ўрганиш натижалари ҳамда олинган маълумотларга кўра, қуйидагиларни маълум қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россиянинг Карачаево-Черкесия Республикасидаги “Южный Агрокомбинат” АЖ ўртасида 2021 йил 14 июнь куни келишув шартномаси имзоланган. Шартнома шартларига мувофиқ, 400 нафар фуқаролар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши учун иш берувчи томонидан танлаб олиниши, ишга жалб қилиниши ва уларинг ойлик маошлари 33 минг рублдан 50 минг рублгача ташкил этиши белгиланган.

Фуқароларнинг авиачипта ва ҳужжатларни расмийлаштириш (патент) харажатлари иш берувчи ҳисобидан тўланган, ушбу харажатлар кейинчалик фуқароларнинг ойлик маошларидан қисман ушлаб қолиниши, фуқаролар 1 йил ишласа, ушлаб қолинган харажатлар иш берувчи томонидан тўлиқ қоплаб берилишига келишилган.

Жорий йилнинг 16 июнь куни иш берувчи ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон вилояти филиали томонидан танлов ўтказилиб, 150 нафар фуқаро кейинроқ, 23 июнь куни 63 нафари, 29 июнь куни 22 нафари, 4 июль куни 16 нафари ва 5 июль куни 42 нафари “Южный Агрокомбинат” АЖга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилган.

Фуқаролар иш жойига етиб борганидан сўнг, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига телефон орқали меҳнат ва яшаш шароитлари ноқулайлиги ҳамда паспорт ҳужжатлари иш берувчи томонидан олиб қўйилганлиги тўғрисида бир қатор мурожаатлар келиб тушган.

Шу сабабли, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари бошчилигида Ишчи гуруҳ тузилиб, жорий йилнинг 14 июль куни Россия Федерациясига учиб борган ва мазкур корхонада бўлган. Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти ва фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича музокара олиб борган.

Қайд этилишича, иш берувчи фуқароларнинг паспортлари миграцион қайдга қўйиш ва ишлаш учун патент расмийлаштириш мақсадида олинганлиги ҳамда фуқароларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилиши маълум қилинган.

Корхона раҳбари ўзбекистонлик ишчилар билан меҳнат муносабатларини қонунга мувофиқ расмийлаштириши, барча шароитларни яратиб бериши ҳамда бугунги кунда яна 500 нафар қўшимча ишчи кучи жалб қилиш режаси борлигини маълум қилган.

Ҳозирги кунда мазкур корхонада 155 нафар Ўзбекистон фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги, шундан 46 нафари 2019 йилдан буён Самарқанд вилоятидан келиб ишлаётганликлари ва 109 нафари Андижон вилоятидан жорий йил июль ойида келганлиги маълум қилинган.

Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида тўлаб бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича келишув далолатномасини расмийлаштирган.

Корхонада ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ушбу келишувнинг мазмун-моҳияти, ойлик маошларини тўлаш тартиби, иш вақти ва ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнлари тушунтирилган. Жумладан, фуқаролар видеомурожаатида айтиб ўтилган 125-130 рубль миқдоридаги маош бир кунлик эмас, балки бир соатлик иш ҳақи эканлиги маълум қилинган.

Шунингдек, юқорида қайд этилган видеомурожаат бир соатга тўланадиган иш ҳақи бир кунга берилади деб, нотўғри тушуниш оқибатида жорий йилнинг 15 июль куни, яъни мурожаат ёзган фуқаролар иш бошлаган биринчи кунида олинганлиги маълум бўлган.

Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан ушбу корхонада фаолият олиб бораётган фуқаролар билан мунтазам равишда алоқа ўрнатилиб, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари доимий назоратга олинган, 2021 йил 29 июль куни корхонага такроран ишчи гуруҳ хизмат сафарига юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

180

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг