“Бизга улар керак эмас”. Подоляк Собчак ва Симоньянга қилинган суиқасдга изоҳ берди
Спорт
−
16 Июль 2023
9741Украина Президенти девонининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ва журналист Ксения Собчакни ўлдиришга уриниш Украина учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмаслигини, уларнинг ўлими ҳеч нимани ҳал қилмаслигини айтди. Унинг сўзларини “Страна.ua” келтирган.
Унинг фикрича, Украинага улар керак эмас, улар мутлақо ҳеч нарсага таъсир қилмайди.
Симоньян ҳам, Собчак ҳам бўлаётган воқеаларда, умуман уруш доирасида ҳам, Россиянинг глобал дунёда ўз ўрнини йўқотиши доирасида ҳам муҳим роль ўйнамайди, дейди Подоляк.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ва журналист Ксения Собчакка суиқасд қилинганди. Уларга нисбатан қилинган суиқасд Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан олди олинганди.
Мамлакат Федерал хавфсизлик хизмати суиқасдни амалга оширишга уринган шахслар Украина хавфсизлик хизмати кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилган “Параграф-88” гуруҳи томонидан тайёрланганини иддао қилганди.
Маълумот учун, Ксения Собчак 1991-1996 йилларда Санкт-Петербург мери вазифасини бажарган Анатолий Собчакнинг қизи ҳисобланади. Ксения Собчакнинг отаси ўз вақтида Россия Президенти Владимир Путин ва Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевларнинг Ленинград университетидаги ҳуқуқ профессори бўлган. Собчак, шунингдек, Путиннинг сиёсий фаолиятини бошлашига ҳам катта ёрдам берган. Кейинчалик коррупцияда айбланиб, қидирувга берилганида Путин уни чет элга қочириб юборган. Унинг қизи Ксения Собчак ҳам отасининг Путин билан яқин алоқалари сабабли алоҳида мавқега эга ҳисобланади.
Путиннинг “тутунган қизи” сифатида кўрилувчи Ксения Собчак 2010 йиллар бошида унга қарши бир қатор намойишларда қатнашган. 2018 йилда Россия президентлик сайловида номзодини қўйганидан сўнг мухолифатнинг қўлловини бой берган. Алексей Навальний уни сохталикда айблаб, “Кремлнинг лойиҳаси” деб атаган.
Маргарита Симоньян эса Кремлнинг асосий ташвиқотчиси ҳисобланади.
LiveБарчаси