Ксения Собчак ва Маргарита Симоньянни ўлдирмоқчи бўлишди
Олам
−
15 Июль 2023
12895Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян ва журналист Ксения Собчакка нисбатан қилинган суиқасднинг олдини олди. Бу ҳақда ФХХнинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази маълумотларига таяниб, ТАСС хабар берди.
ФХХ суиқасдни амалга оширишга уринган шахслар Украина хавфсизлик хизмати кўрсатмаси бўйича ҳаракат қилган “Параграф-88” гуруҳи томонидан тайёрланганини аниқлаган.
“Федерал хавфсизлик хизмати Тергов қўмитаси ва Россия Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда Украина махсус хизматларига RT телеканали ва “Россия сегодня” халқаро ахборот агентлиги бош муҳаррири Маргарита Симоньяннинг ўлдирилишига уринишнинг олдини олди. Маълумотларга кўра, Ксения Собчакнинг ўлдирилишига ҳам тайёргарлик кўрилаётган эди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, кеча, 14 июль куни Москва ва Рязан вилоятларида “Параграф-88” гуруҳининг аъзолари қўлга олинган. Улар Собчак ва Симоньяннинг иш ва яшаш жойлари бўйича айғоқчилик ҳаракатларини олиб борганликда айбланмоқда.
"Тергов ҳаракатлари давомида улар ҳар бир қотиллик учун 1,5 миллион рубль миқдорида ҳақ эвазига Украина хавфсизлик хизматининг топшириғи бўйича суиқасдлар тайёрлаганларини тасдиқладилар", дейилади ФХХ баёнотида.
Тергов ҳаракатлари давомида ҳибсга олинганлардан “Калашников” автомати, унинг учун 90 та патрон, пичоқлар кастетлар, резина таёқлар, кишанлар, шевронлар ва нацистик рамзлар туширилган байроқлар, нацист адабиётлари, алоқа воситалари ва компьютерлар олиб қўйилгани маълум қилинган.
Қўлга олинганларга нисбатан экстремизм ва терроризм айбловлари бўйича жиноий иш қўзғатилиши айтилган.
Маълумот учун, Ксения Собчак 1991-1996 йилларда Санкт-Петербург мери вазифасини бажарган Анатолий Собчакнинг қизи ҳисобланади. Ксения Собчакнинг отаси ўз вақтида Россия Президенти Владимир Путин ва Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевларнинг Ленинград университетидаги ҳуқуқ профессори бўлган. Собчак, шунингдек, Путиннинг сиёсий фаолиятини бошлашига ҳам катта ёрдам берган. Кейинчалик коррупцияда айбланиб, қидирувга берилганида Путин уни чет элга қочириб юборган. Унинг қизи Ксения Собчак ҳам отасининг Путин билан яқин алоқалари сабабли алоҳида мавқега эга ҳисобланади. Путиннинг “тутунган қизи” сифатида кўрилувчи Ксения Собчак 2010 йиллар бошида унга қарши бир қатор намойишларда қатнашган. 2018 йилда Россия президентлик сайловида номзодини қўйганидан сўнг мухолифатнинг қўлловини бой берган. Алексей Навальний уни сохталикда айблаб, “Кремлнинг лойиҳаси” деб атаган.
Маргарита Симоньян эса Кремлнинг асосий ташвиқотчиси ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Доғистонда журналист Елена Милашина ва унинг адвокати калтаклаб кетилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь