“Бизда “Титаник” эмас”. Зеленский Ғарбдаги иттифоқчилари ҳаракатидан шикоят қилди
Олам
−
29 Январь 2022
12106Украина Президенти Владимир Зеленский баъзи Ғарб давлатларининг Россиянинг эҳтимолий босқини туфайли Украинадан дипломатлари ва уларнинг оилаларини эвакуация қилишни бошлаш қарорини хато деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Зеленский хорижий ОАВ вакиллари билан учрашувда маълум қилган.
“Ҳа, менимча, бу хато бўлди. Мен бу ҳақда очиқ гапираман. Бу ҳурматли давлатлар ҳукуматларининг хатоси дейишга ҳаққим йўқ. Бу биз учун, Украина учун хато, деб ҳисоблайман. Биз дипломатлардан олган сигналларга кўра, булар [эвакуация қилинган] биринчи даражали ишчилар эмас эди. Мен бундай ўйламайман. Бундай вазиятда ҳамма нарса биринчи даражали. Ҳамма жойида бўлиши керак”, деган Зеленский.
Зеленский элчихона ходимларининг эвакуация қилинишини “муҳим сигнал” деб атаган. Унга кўра, ҳамма бунга эътибор қаратади, ҳамма ЕИнинг қайси давлатлари, Британия ва АҚШ қандай муносабат билдиришини тушунади.
“Элчихона ходимлари ва дипломатлар бу ерда бўлиши керак, деб ўйлайман. Булар дипломатия “капитан”лари. Улар давлатларининг вакиллари ва биз биламизки, охирида капитанлар кемани тарк этади. Менимча, бизда “Титаник” эмас. Украина олдинга интилмоқда”, деган Украина раҳбари.
Зеленский Россиянинг Украинага бостириб кириши эҳтимолини юқори деб билишини айтган, аммо ваҳима қўзғатмасликка яна бир бор чақирган. Унга кўра, Россиянинг эҳтимолий ҳужуми ҳақидаги миш-мишлар пайдо бўлгач, Украина иқтисодиётидан 12,5 миллиард доллар олиб қўйилган.
“Давлатимиз бир ўзи бу каби қийинчиликларга бардош бера олмайди. Давлат захираларидан биз миллий валютамизни барқарорлаштирмоқдамиз, шунинг учун бу Украина учун жуда қиммат, бу бироз мувозанатсиз ахборот сиёсати. Ҳатто давлатларнинг ҳурматли раҳбарларидан ҳам сигналлар келди, улар дипломатик тилда ҳам эмас, очиқчасига “Эртага уруш бўлади”, деяпти. Бу ваҳима. Бозорларда ваҳима, молиявий секторда ваҳима. Бу бизнинг давлатимизга қанчага тушади?” деган Зеленский.
Киев ва Ғарб давлатлари сўнгги пайтларда Россиянинг Украина чегаралари яқинида “тажовузкор ҳаракатлари” кучайганидан хавотир билдирган. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков қўшинлар ўз ҳудуди доирасида ва ўз хоҳишига кўра ҳаракатланаётганини айтган. Унинг сўзларига кўра, бу ҳеч кимга таҳдид солмайди ва ҳеч кимни ташвишга солмаслиги керак. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровга кўра, Россия Украина атрофидаги можаро учун ҳеч қандай баҳона яратмаяпти.
LiveБарчаси