Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим – Президент тикувчилик корхонасига ташриф буюрди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Андижонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳридаги “ВБМ Текстиль Груп” масъулияти чекланган жамият фаолияти билан танишди.

Қайд этилишича, корхона биноси қарийб ўн уч йил қаровсиз ётган эди. Тадбиркорга “ноль“ қийматда берилгач, вазият тамомила ўзгарди. 6,5 миллион доллар маблағ эвазига қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, Америка Қўшма Штатлари, Италия, Япониядан тикувчилик ва матога ишлов бериш дастгоҳлари келтириб ўрнатилди.

Замонавий қиёфа касб этган корхона ўн кун аввал фаолият бошлади. Бу ерда йилига ўртача 11 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. МДҲ мамлакатлари билан шартномалар имзоланган бўлиб, йилига 27 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш мўлжалланган. Бу географияни кенгайтириш мақсадида Европа Иттифоқи давлатлари билан музокаралар олиб борилмоқда.

Корхонада 1 минг 200 нафар аёл иш билан таъминланди. Давлат раҳбари улар билан суҳбатлашди.

“Авваламбор, сизларни яқинлашиб келаётган улуғ айём билан табриклайман. Бу фабрика андижонликларга ўзига хос туҳфа бўлибди. Биз учун ҳар бир иш ўрни муҳим. Бу ерда шунча хотин-қиз ишли бўлганидан жуда хурсандман. Тадбиркорларимиз жаҳон бозорларига чиқмоқда. Бу – дунёқараш ўзгариши, имкониятлар натижаси“, дейди Президент.

Мутасаддиларга пахта толасини қайта ишлашни чуқурлаштириб, қўшилган қиймат яратиш, корхоналарга қўшимча инвестициялар йўналтириб, ишлаб чиқаришнинг тўлиқ циклини ўзлаштиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.

Илгари вилоятда етиштирилган пахта фақат хомашё сифатида сотиларди. Бундан даромад 100 миллион долларга ҳам етмасди. Эндиликда қайта ишлаш ривожланаётгани натижасида жорий йилда қарийб 440 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинади. 2021 йилда бу кўрсаткични 527 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

“ВБМ Текстиль Груп” томонидан Андижонда тикувчилик ва жинси ишлаб чиқариш, мато тўқиш ва бўяш корхоналари ташкил этилиши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Андижон

Баҳолаганлар

71

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг