“Биз таълимдан Исломни суғуриб олдик”. Тошқулов вазир бўлса, Исломни таълимга қайтарадими?

Таҳлил

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига Абдуқодир Тошқулов тайинланиши кутиляпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзолари Тошқулов номзодини тасдиқлади. 

Монархиялардан тортиб, замонавий давлатчиликда ҳам юқори лавозимларни эгаллаб келаётган кишиларнинг лавозимга қанчалик лойиқлиги нафақат уларнинг билими, орттирган тажрибаси, балки шахси билан ўлчанади? У лавозимда илм нуқтаи назаридан эмас, шахс сифатида, маънан қанчалик лойиқ? Русча қилиб айтганда, “доступный” бўлиш бошқа, “достойный” бўлиш бошқа. Хўш, Тошқулов бу лавозимга қанчалик “достойный”? Унинг шахси, дунёқараши бизга қанчалик таниш? 

Агар Термиз давлат университетининг раҳбарияти бўлимидаги маълумотлар билан чекланадиган бўлсак, Тошқулов – етарли даражада ёпиқ ва ўзи ҳақида маълумотлар “максимум” ёпиқ қутида қолишини истайдиганлардан жамиятининг содиқ аъзоси. Боиси, айнан у ҳақидаги маълумотлар саҳифасида унинг исм-фамилияси, отасининг исми ва лавозими ҳақидаги маълумотлар келтирилган, холос. Талабалар ёки бу университет ректорининг фаолиятдаги тажрибаси, жумладан шахсига оид маълумотлар олиш имкони мавжуд эмас. 

Энди унга оид халқ орасида аллақачон тарқалган ва шахсига оид бирламчи портретни гавдалантирадиган бошқа маълумотларга назар ташласак. Хўш, Тошқулов ҳақида гап очилса, кўз ўнгимизга ким келади? 

Тошқуловнинг сенаторлик фаолиятида қайноқ чиқиш бўлганини эслолмаймиз. Бироқ, ректор ўлароқ унинг “Халқаро пресс-клуб” сессияларидан бирида таълимда Ислом динининг ўрни йўқлиги ҳақида айтган гаплари бир мунча вақт диққат марказида турган эди ва бу бугун шу мавзуда ўртага чиқаётган масала асосий муҳокамаларга дебоча бўлганди. Жумладан, у шундай деган эди: 

“Биз 100 йил давомида олий таълимдан ҳам, таълимдан ҳам Исломни суғуриб олдик. Ислом маънавиятини суғуриб олдик. Ҳаром билан ҳалол, тўғри яшашни суғуриб олдик. Биз ёшларга Гётени ўргатдик. Лекин, жаноб пайғамбаримиз (с.а.в.) дан ҳадис келтиришга чўчидик”, деган эди Тошқулов.

Тўхтанг! Бу гап нега бизни ҳайратлантирди? Сабаби оддий: юқорида айтилганидек, бугун қайнаётган қозонга Тошқулов анча аввал ўт қалаганди. Анча вақт мум тишланган мавзу ҳақида юрак ютиб оғиз очган Тошқулов, таълимдаги коррупциянинг диний жиҳатлари ҳақида миқ этмай келинганига ҳам тўхталганди.  

“Биз Ислом маърифатини фақат имом гапирсин, дедик. Дунёвий билим олганлар диндан гапирса, унга бошқача қарадик. Нима бўлди? Коррупция ҳақида гапирадиган бўлсак, олий таълимда нафақат коррупцияга йўл қўйилди, балки келажак авлодга коррупция ўргатилди”, деган эди Тошқулов.

Депутатлар томонидан тасдиқланган вазирликка номзод чиройли бинолар шунчаки безак эканини айтиб, аждодларни мисол қилиб келтирганди.

“Мана ҳозир янги бинолар кўрсатилди. Лекин, мен кечирим сўрайман, бизнинг аждодларимиз мадрасаларнинг ярмигача туз чиқиб ётган жойда 9 ёшигача Қуръони Каримни ёд олган. Агар чиройли бинолардан алломалар чиқадиган бўлганда, биласизми, ҳозир қанча Термизийлар, қанча Бухорийлар чиқарди?”, деганди у.

Шунингдек, Абдуқодир Тошқулов олий таълимдаги адолатсизликларни таниш-билишчилик ва таъмагирлик билан боғлаганди.

“Талаба биринчи босқичда келади, биринчи семестрни завқ-шавқ билан ўқиб тугатади. Адолатсизликни кўради-да, кейин етти семестр ўқимайди. Нима учун адолатсизлик? Ҳаммаёқ таниш-билиш, таъмагирлик”, деганди Тошқулов. 

Юқоридагилардан келиб чиқсак, Тошқуловдан таълимда жуда кўп ўзгаришлар қилишини кутишимиз мумкин. Биринчи қадам коррупцияга қарши босилса, Тошқулов ўзи айтганларига ўзи амал қилса, ажабмас. Зотан, ундан кутилаётгани ҳам шу. Аниқ айтиш керак, ўтган бир йил ичида, Президент берган муддатдан кейин деярли ҳеч нарса ўзгармади, ўзгартира олишмади. Хўш, бу қайси муддат эди? 

Эсингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида иштирок этиб, олий таълим соҳасидаги коррупция ҳақида сўз очганди.

Бунда давлат раҳбари Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг собиқ ректори Баҳодир Ходиевни мисол сифатида келтирган:

“Эсласам, кайфиятим бузилади. Ходиев деган валломатни ишдан олдим. Янги ректоримиз оддий аттестация ўтказди. 65 фоиз домла ўтмади. 35 эмас, 65 фоиз. Ҳамма нарса порахўрлик. Бечоралар қандай ўқиган, тасаввур қилиб бўлмайди. Домлалар ҳаммаси “доктор наук”, индамасанг академик бўлиб олади”.

Шунингдек, давлат раҳбари Олий таълим вазири Ином Мажидовни ҳам кечира олмаслигини айтганди. 

“Кеча телевизорда Мажидовнинг гапини эшитдим: “мени кечиринг”. Қонун билан жавоб бериши керак. Кечирим билан бўлмайди. Энди кечиролмаймиз. Негаки одамлар бизни кечирмайди”, деган эди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

699

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг