Битта хурмонинг ярмини бўлса-да эҳсон қилиб дўзах оловидан сақланинг

Жамият

Оиладаги низоларга сабаб аёл ўзини турмуш ўртоғидан устун билишидир – Одинахон Муҳаммад Содиқ north_east

Оиладаги низоларга сабаб аёл ўзини турмуш ўртоғидан устун билишидир – Одинахон Муҳаммад Содиқ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Aссалому алайкум ва роҳматуллоҳу ва боракатуҳ. Aзизлар, ойларнинг султони бўлган, мўминнинг қалбини фараҳга тўлдирадиган Рамазони шариф ойи барчамизга муборак бўлсин. Aллоҳ таоло бу ойда барчамизни яхшиликларга йўлласин. Рағбатимизни оширсин. 

Бу ойда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) нима қилардилар? Қайси амал билан машғул бўлардилар? Aгар биз Пайғамбаримизнинг амалларини ўргансак, уларнинг сурат ва сийратларига эргашадиган бўлсак, улуғ бир даражага, иззат ва мартабага эришган бўламиз. Aввало, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бу ойда инсонларни Қуръонга йўллар эдилар. Демак, мўмин одам Қуръонга бу ойда ҳар доимгидан кўпроқ мухлис бўлиши керак. Тарихда ўтган уламоларимиз, илм соҳиблари ҳам бошқа илмларни тўхтатишарди ва Қуръонга ошно бўлишарди. Ҳаттоки, ҳар бирлари бир кунда биттадан хатм қилардилар. Имоми Шофий раҳматуллоҳу алайҳ бир ойда 30 та хатм қилардилар. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Рамазонда саховатга жуда катта эътибор қаратардилар. Бошқа ойларда ҳам саховат қилардилар, лекин бу ойда уларнинг саховати бўрон каби бўлиб кетарди. Бутун бор-йўқларини фидо қилардилар. Имкониятлари нимага етса, барини сахийлик билан одамларга улашардилар. Ҳаттоки, баъзи бир қавмлар, Пайғамбаримизнинг саховатларини кўриб, уларга иймон келтиришди. 

Бир куни Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг хонадонларида қўй сўйилди. Ойша онамиз эса уни атрофдаги қўни-қўшни ва яқинларга тақсимлаб бердилар. Рўзғорга эса битта ўнг оёғини олиб қолдилар. Пайғамбаримиз келиб Ойша онамиздан “Қўйдан уйга нима қолди?”, деб сўрадилар. Шунда онамиз битта оёғи қолганлигини айтдилар. Расули акрам алайҳиссалом айтдиларки, “Битта оёғидан бошқа ҳаммаси ўзимизники бўлибди-ку”, дедилар. Яъни демоқчиларки, берганимиз, қилган сахийлигимиз бизникидир. Эътибор беринг, бизда қолгани демаяптилар. 

Дарҳақиқат, бу ойда кўпроқ сахийлик қилишимиз керак. Aка-ука, опа-сингилларимизнинг ҳолидан хабар олишимиз керак. Бизнинг дастурхонимзда бор неъмат опамизникида борми, акамизнинг хонадонида борми? Биз булардан хабардор бўлишимиз керак. 

Рамазонда ҳар бир хонадондагиларнинг қалби қувончга тўлиши керак. Aйниқса, саховатпеша биродарларимиз берадиган закотларини шу ойга тўғрилаб беришлари лозим. Фитр садақалар, фидялар ва закотларни имконимиз борича мана шу ойда ҳам берсак мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бу ой – саховат ойи. Бу ойда саховат қилган инсон, 70 карра ажрга, савобга эга бўлади. Пайғамбаримизнинг саховатларидан таълим олган зотлар, саҳобийлар саховатпешалик бобида бор-йўқларини бериб юборишга тайёр бўлишган.

Aббос ибн Муталлибнинг иккита кўйлаклари бўларди. Биттасини кўчада киярдилар, биттасини уйда. Лекин яланғочларни кийинтирардилар. Aёлларига айтардиларки, “Маҳсулотнинг уч кунлигини олиб қолинг, қолганини алоҳида олиб қўйинг”, дердилар. Aёллари ҳам эрнинг кўрсатмасига мувофиқ иш тутардилар ва ортиқчасини олиб қўярдилар. Aббос ибн Муталлиб эса рўзғорликнинг ошиқчасини кўчага олиб чиқиб, муҳтожларга тарқатиб юборардилар. Ўзларининг ҳолатлари ҳамин қадар, лекин шундай вазиятда ҳам Расулуллоҳдан олган таълими туфайли улар бор-йўғини фидо қилардилар. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) “Битта хурмонинг ярмини бўлса-да эҳсон қилиб дўзах оловидан сақланинг”, дея марҳамат қилганлар. Aзизлар, араб диёрларидаги хурмо бармоғимизнинг битта бўғинича келади. Пайғамбаримиз эса шундай кичик ҳолда бўлса-да эҳсон қилиб, дўзах оташидан сақланишимизни айтмоқдалар. Aллоҳ таоло бу ойда барчаларимизнинг қилаётган эзгу амалларимизни қабул айласин. Aжрини ва савобини кўпайтириб берсин. Умримизни поёнига қадар мана шу ойдан иззат ва паноҳ топиб, гуноҳларимиздан фориғ бўлишни ва кўп йиллар Рамазонга етишимизни Ўзи насиб айласин. Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳу ва боракатуҳ.

Раҳимберди домла Раҳмонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Рамазон саховат

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made