Бишкекда “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўл компанияси очилди
Жамият
−
30 Сентябрь
2908Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўллари компанияси” МЧЖ очилди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Очилиш маросимида қатнашган Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси – Қирғизистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров ўз нутқида Хитой Халқ Республикаси делегациясини Хитой ташкил топганининг 75 йиллиги билан табриклаб, темирйўлнинг бутун Марказий Осиё минтақаси учун аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
"Биз ушбу лойиҳани юқори баҳолаймиз ва уни аср қурилиши деб атаймиз. Бу Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади", дейди у.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши бутун минтақада, хусусан, Қирғизистон, Хитой ва Ўзбекистонда савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилади.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари буюк сиёсатчи Дэн Сяопииннинг қуйидаги сўзларини ҳам эслади: “Ипак йўли бўладими, темирйўл бўладими, мамлакатларимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшса, бу яхши йўлдир.”
Жапаров Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли қурилиши Буюк ипак йўлининг бир қисмига айланишига ишонч билдирди.
"Ушбу тарихий воқеага эришиш учун катта ва самарали ишлар амалга оширилди. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, бу лойиҳани тўлиқ амалга оширишнинг фақат биринчи босқичидир. Шу билан бирга, Хитой ва Ўзбекистондаги ҳамкасбларимизнинг бой тажрибасига таяниб, ишонч билан айтишимиз мумкинки, биз бу ишни сифатли ва ўз вақтида якунлаймиз", деди Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров.
“Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўллари компанияси” масъулияти чекланган жамиятининг очилишида Хитой Халқ Республикасининг Қирғизистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ду Дэвень, ХХР Тараққиёт ва ислоҳотлар давлат қўмитасининг Хорижий капиталдан фойдаланиш ва хорижда инвестициялар билан таъминлаш департаменти директори ўринбосари, ХХР делегацияси раҳбари Чжан Цзянхуа, Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва China Railway International бош директори Чжоу Син иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг тегишли қарори билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси “Ўзбекистон темирйўллари” компаниясига “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўл лойиҳаси компаниясининг устав капиталидаги Ўзбекистон улушини молиялаштириш учун 255 миллион доллар миқдорида кредит ажратиши белгиланганди. Ушбу маблағнинг 14 миллиони жорий йил охиригача ажратилиши режалаштирилган. Кредитлар йиллик 5 фоиз ставка билан 15 йил муддатга, жумладан, 7 йиллик имтиёзли давр билан берилади. 6 июнь куни имзоланган келишув шартларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг лойиҳа компаниясидаги улуши 24,5 фоиздан, 51 фоизи эса Хитойга тегишли бўлади. Мавжуд маълумотларга кўра, лойиҳа компаниясининг умумий устав капитали 1,040 млрд долларни ташкил қилади.