“Бирорта ўқ отилмасин”. Мирзиёев Афғонистон масаласида қандай тизим кераклигини айтди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Афғонистон билан муносабатда бирорта ўқ узилмайдиган, барча масалалар музокара орқали ҳал этиладиган тизимни қуришга интиляпти. Бу ҳақда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев навоийлик сайловчилар билан учрашувда айтиб ўтди.

“Афғонистондаги вазиятни ҳаммамиз кўриб турибмиз. Қўшни танланмайди-ку, қўшнимизда вазият ёмон деб қаергадир кўчиб кета олмаймиз-ку. Бундан 2 йил аввал мен “Толибон” раҳбарият билан музокаралар олиб борганимда ҳамма ҳайрон бўлганди. Лекин бугунги кунга келиб тўғри йўл танлаганимиз маълум бўлди. Мен тинчлик бўлиши учун, жафокаш афғон халқига ҳам енгиллик бўлиши учун аввалги раҳбарияти билан бир йилда олти марталаб учрашдим, гаплашдим.

Албатта, ҳамма давлат раҳбари биринчи навбатда ўз давлати ҳақида ўйлайди. Мен ҳам биринчи навбатда ўз халқимни ўйлашга мажбурман, менга кафолатланган тинчлик керак! Бирорта ўқ отилмайдиган, барча масалалар музокаралар билан ҳал бўладиган тизим керак”, деган амалдаги давлат раҳбари.

Президент сўзида давом этиб, мамлакат мудофаа тизимида ислоҳот давом этишини қайд этиб, шундай деган:

“Мудофаа тизимимизни ислоҳ қилишда давом этамиз. Яқин тарихни эслайлик, танк қисмларидаги аскарлар танк минишмасди, аскарлар картошка тозалашарди. Бу соҳада ҳам жиддий ислоҳотлар ўтказдик. Ҳарбийларимиз 42 давлат ҳарбийлари ўртасидаги мусобақада 2-ўринни олганлари ҳам бежиз эмас, деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, Ўзбекистон турли даражаларда Афғонистонда ҳокимиятга келган "Толибон" ҳаракати билан музокаралар олиб борди. Хусусан, Сурхондарё ва Балх вилоятлари раҳбарлари учрашиб, ҳамкорликка келишиб олди. Шундан сўнг, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Афғонистон ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи Амирхон Моттакий билан учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Толибон

Баҳолаганлар

248

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг