Биргаликда Ер юзини асраб қолишимиз мумкин – Саида Мирзиёева

Жамият

image

Бугун, 4 апрель куни ўз ишини бошлаган Самарқанд иқлим форумида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

“Бугун Самарқандда Марказий Осиё Иқлим форуми ўз ишини бошлади. Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши курашдаги саъй-ҳаракатларини тақдим этиш мен учун катта шарафдир”, дея ёзган Мирзиёева.

Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё – табиий омилларга энг таъсирчан минтақалардан бири ҳисобланади. Орол фожиаси эса глобал экологик инқирознинг рамзига айланган.

“Ҳозирда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Марказий Осиёнинг яшил ривожланиш” концепцияси ишлаб чиқилмоқда. У яшил технологиялардан тортиб барқарор урбанизациягача бўлган барча соҳаларни тўла қамраб олади. Ушбу концепция COP30 форумида қабул қилинишига умид қиламиз”, деган Президент ёрдамчиси.

Шунингдек, у Оролбўйи ва Қорақалпоғистонни ривожлантириш устувор вазифа эканини таъкидлаган.

“Бу борада учта йўналишда – экология, инфратузилма ва маданий тикланиш бўйича иш олиб боряпмиз. Эртага Нукусда очилиши бўлиб ўтадиган Орол маданият саммити ҳам фан, санъат ва жамият ўртасида ўзига хос мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда”, деган ўз постида Мирзиёева.

“Фақатгина биргаликда биз Ер юзини асраб қолишимиз ва фарзандларимиз, набираларимиз ҳамда биздан кейинги барча авлодлар учун яхшироқ келажакни барпо этишимиз мумкин”, дея қўшимча қилади Саида Мирзиёева.

Маълумот учун, бугун, 4 апрель куни Самарқанд халқаро иқлим форуми бўлиб ўтди. Форум ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан, Аҳоли пунктлари бўйича дастур ижрочи директори Анаукладия Россбах, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав ва бошқалар иштирок этди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам форум иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. Иштирокчилар орасида 2 мингдан ортиқ хорижий меҳмонлар, жумладан, миллий ва глобал экологик ташкилотлар, халқаро тузилмалар раҳбарлари, экспертлар, олимлар ва журналистлар, бизнес вакиллари бор.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё олдида турган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинди, экологик барқарорлик, “яшил” иқтисодий тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Саида Мирзиёева Самарқанд иқлим форуми Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг