QALAMPIR.UZ’да Рамазон суҳбати – инсонга қайси фазилат чексиз савоб олиб келади?

Интервью

Сабр – мўминнинг юзидир. Бу фазилат билан икки дунё саодатига эришиш, муаммоларни ҳал этиш, саломатликка етишиш бор. Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан ўтган бугунги суҳбатимиз мавзуи ҳам сабр ҳақида бўлди.

“Мўминчалик сабр этадиган киши бўлмаса керак. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб, “Сабр – бу нур, сабр – бу ёруғлик”, дедилар. Сабр қилган одам ёруғликка чиқади. Бесабрлик оқибатида одамлар турли балоларга мубтало бўлади. Рамазони шарифда ўзимизда сабр хислатини шакллантира олсак, собир бандаларга айланамиз. Чунки, қорнимиз очяпти, чанқаб кетяпмиз, кўнглимиз нималарни тусамаяпти, аммо буларнинг барчасига сабр этяпмиз.

Вақт ўтиши билан бу хислат одамнинг феълига сингиб қолади. Бир ой сабр қилган одам, Рамазони шариф ўтиши билан бесабрлик қилмаса керак. Ушбу муқаддас ойни бир ойлик мактаб, десак тўғри бўлади. Бу ойдан мўмин банда сабрли бўлиб чиқади. 

Аллоҳ таоло “Зумар” сурасида мараҳмат қилади: “Сабр қилгувчиларнинг ажри ҳисобсиз бўлади”. Мўмин банда қилаётган сабрига чексиз ажр, савобларга эга бўлади. Орамизда катта натижаларга эришган одамларни кўрсак, улар сабр билан, матонатни кўрсатиб, ўша даражаларга эришишган. Чунки илм ўқишда ҳам, неъматга эришишда ҳам, бирор фазилатга эришишда ҳам сабр керак. 

Биз илгари, боболаримиз, момоларимиз яшаган кунга қараганда яхши ҳаётда яшаяпмиз. Бугунги кунимиз доруломон кунлар. Олдинга қўйилган режалар, улкан мақсадларга сабр билан, матонат билан, меҳнат билан эришиш лозим. Ана шунда унинг таги роҳат бўлади.

Барча яхшиликка сабр билан эришамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам умматни сабрга чорладилар. Рамазон бизга мана шу даражага эришишимизга имкон беради”, деди  Раҳимберди домла Раҳмонов.


Мақола муаллифи

Теглар

Рамазон Раҳимберди домла Раҳмонов Сабр

Баҳолаганлар

62

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг