Бир оиланинг 4 фарзанди сут ва дори аралашмасидан вафот этдими?
Саломатлик
−
13 Сентябрь 2019
25985Бир неча кундирки, ижтимоий тармоқларда, хусусан Telegram’да Ўзбекистонда бир оиланинг тўрт фарзанди доридан заҳарлангани билан боғлиқ хабарлар тарқалмоқда.
Унда қайд этилишича, она болаларига йўталга қарши бўлган сиропни берган. Болалар уни ичишдан бош тортгач, она дорини болаларига сутга аралаштириб ичирган. Болалар шундан кейин уйғонишмаган, ётоқларидан жонсиз ҳолатда топилган. Шифокорлар текширувидан сўнг ўлим сабаб сут ва дорининг аралашмаси заҳарга айланганини аниқлаган.
QALAMPIR.UZ мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Республика давлат санитария-эпидемиология назорат маркази Эпидемиологик масалалар бўйича Бош врач ўринбосари, Тиббиёт бўйича фалсафа доктори Ботир Қурбонов билан суҳбатлашди. Унинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ёлғон.
“Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг барча вилоятлар, қолаверса, туманларда вертикал тизими туну кун, 24 соат ишлайди. Оммавий заҳарланиш, оилавий бирорта касаллик билан касалланиш билан мурожаат қилинса, дарҳол Соғлиқни сақлаш вазирлигига хабар берилади.
Бундай хабар берилмади. Ҳозиргача бўлган бир неча йиллик меҳнат фаолиятимиз давомида сут билан боғлиқ ҳолда доридан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилмаган”, дейди Ботир Қурбонов.
У дори билан заҳарланиш ҳолатлари қачон ва қандай ҳолатларда қайд этилишига ҳам аниқлик киритди:
“Дори билан заҳарланиш ҳолатлари қайд этилади, қачонки, у инсон саломатлигига таъсир қилмайдиган ёки ҳайвонлар ва ўсимликлар учун ишлатиладиган дорини билмасдан истеъмол қилиб қўйганда. Халқ тилида айтадиган бўлса, бегона ўтларга қарши ёки ўтларни қуритишга қарши деҳқончиликда ишлатишга олиб келинган заҳарли дорини ёғ ёки совутилган чой деб ўйлаб, ичиб қўйган ҳолатда заҳарланиш қайд этилган. Лекин, оддий истеъмол қилинадиган дорини сув қўшиб ёки сувга қўшиб ичиб юборса, бу ўлим ҳолатига олиб келадиган ёки оғир оқибатларга олиб келадиган ҳолат ҳеч қачон қайд этилмаган”.
Ботир Қурбонов сўзида давом этаркан, дориларни оддий сув ўрнига, газланган ичимликлар билан истеъмол қилиш ҳам салбий оқибатларга олиб келишини маълум қилди. Унинг айтишича, доридан заҳарланишлар ҳеч қачон сут билан боғлиқ бўлмаган. Боиси сутнинг таркиби сувга жуда яқин. У нохуш таъсир кўрсатадиган суюқлик эмас.
“Бундай ҳолат фақат газли ичимликларбилан қайд этилиши мумкин. Заҳарланиш газли сув билан дорининг аралашиши оқибатида келиб чиқиши мумкин”.
Қурбоновнинг суҳбат сўнггида маълум қилишича, Ўзбекистонда 2019 йилнинг ўтган даври давомида тиббиёт дорилари билан заҳарланиш ҳолатлари кузатилмаган.