Бир нечта нотариал хизматлар учун давлат божи камайтирилади
Жамият
−
21 Ноябрь 2022
5504Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатнинг жорий йилнинг 19 ноябрь куни бўлиб ўтган ўттиз бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тасдиқланди. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга кўра, вафот этган фуқаронинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия таъминотига нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномани беришда давлат божи тўлашдан озод қилиниши белгиланди.
Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган тўловлар миқдорини фуқаролар учун тушунарли тарзда баён этилиши ҳамда шаффофлигини таъминлаш мақсадида давлат божи ставкалари оптималлаштирилди.
Қонунга асосан мол-мулкни ижарага бериш шартномасини тасдиқлаганлик ёки унга ўзгартиришлар киритганлик учун белгиланган давлат божи миқдорлари икки бараварга камайтирилди.
Гаров, ипотека ва лизинг шартномаларини, қарз шартномаларини ҳамда автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун табақалашган давлат божи ставкалари бирхиллаштирилиб, ягона ставка миқдорида белгиланди.
Бундан ташқари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва ундан текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлаганлик учун қариндош бўлмаган бошқа шахслардан ундириладиган давлат божи миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 2 бараварига камайтирилди.
Фуқаролар ўртасида қарз шартномасини тузиш ва ижро этишда эҳтимолий низоларни олдини олиш, судлардаги иш юкламасини камайтириш мақсадида, қонун билан чет эл валютасида ушбу турдаги шартномаларни нотариал тартибда расмийлаштиришда давлат божи миқдори икки бараварга туширилди.
LiveБарчаси