Бир гуруҳ прокуратура органлари ходимларига орден ва медаллар топширилди

Жамият

image

Бугун, 8 январь куни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни нишонланмоқда. Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда ходимларга орден ва медаллар топширилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Шерзод Асадов тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига байрам табригини ўқиб эшиттирган. Қутловда сўнгги йилларда прокуратура органлари фаолиятида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида улар халққа яқин бўлиб, инсон қадри, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини бевосита жойларда таъминлаётган тизимга айлангани алоҳида таъкидланган.

“Хусусан, ўтган йилда қарийб 512 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тиклангани, 54 мингга яқин мурожаат, жумладан 29 мингга яқин тадбиркорнинг масалалари ижобий ҳал этилгани прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини яққол кўрсатиб турибди”, дейилади хабарда.

Билдирилишича, маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тизимли профилактика ишлари асосида оғир тоифадаги маҳаллалар сони қарийб 1,5 баробар камайган. Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида минглаб ҳуқуқбузарликларнинг олди олиниб, давлат ва жамият манфаатларига етказилган катта миқдордаги зарарлар ундирилган.

Президент табригида рақамлаштириш, кибержиноятларга қарши курашиш, тергов жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш, очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш долзарб вазифа экани алоҳида таъкидланган. Прокуратура ходимлари қонун устуворлиги ва адолат тимсоли бўлиши, халқ ишончини оқлаши зарурлиги қайд этилган.

Давлат раҳбари ўз қутловида прокуратура органлари ходимларига масъулиятли ва шарафли хизматида улкан муваффақиятлар тилаган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 7 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан прокуратура ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан тақдирланган эди. Бугунги тадбирда Президент Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Нодира Ҳакимова ушбу юксак мукофотларни топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

прокуратура орден ходимлари медал

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг