Бир балоси бўлмаса… Россия нега Ўзбекистон маҳсулотлари импортига тақиқни олиб ташлади?

Таҳлил

image

Украинага бостириб кириши ортидан яккаланиб қолаётган Россия ўзи томонидан бошқа давлатларга қўйилган чекловларни аста-секинлик билан олиб ташламоқда. Хусусан, бугун, 5 мартдан бошлаб 9 та давлат, жумладан, Ўзбекистондан сабзавотлар импорти учун қўйилган чеклов бекор қилинди.
 
Ушбу янгиликдан кейин, албатта, кўпчиликда қуйидаги каби саволлар туғилиши табиий: Нега Россия бошига иш тушганда, бошқа давлатлар томонидан яккаланиб қолганидагина бошқа томондаги ҳамкорларга нисбатан қўллаган импорт чекловларини олиб ташлади? Бу чекловлар олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида зараркунандалар борлиги учун ўрнатилмаганмиди? Санкциялар гирдобида қолганда Москванинг кўзига помидор ёки бошқа маҳсулотларда аниқланаётган вируслар ҳам кўринмай қолдими ёки аввалбошдан бу тақиқлар сиёсий мақсадда жорий этилганмиди?
 
Хўш, ўзи аслида нималар бўлганди? Қайси маҳсулотларга чеклов қўйилганди? Бугун Россиянинг Ўзбекистон маҳсулотларига қўйган, қўйиб келаётган битмас-туганмас чекловлари ҳақида гаплашамиз.

Ўзбекистон маҳсулотларига қўйилган чекловлар
 
2020 йилнинг 26 ноябрь куни Россиянинг Ветеринар ва фитосанитар назорат федерал хизмати (Россельхознадзор) Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирни мамлакат ҳудудига киритишни тақиқлади. Бундай тақиқ жорий қилишга Фарғонадан келтирилган помидор ва қалампирлардан тобамовирус (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV)) аниқлангани сабаб бўлгани айтилди.
 
Ўзбекистон Республикасининг Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Россиянинг тақиқига муносабат билдириб, мамлакатда ToBRFV ўсимликлар вируси йўқлигини эълон қилди. Шу билан бирга ташқи савдога масъул идора Еероосиё иқтисодий иттифоқига аъзо мамлакатларда ҳам ушбу вирусга нисбатан тақиқ мавжуд эмаслигини, Евросиё Иқтисодий комиссияси Кенгашининг 2016 йил 30 ноябрдаги №158-сонли Қарори билан тасдиқланган карантин объектларининг ягона рўйхатига ToBRFV киритилмаганини айтиб, тақиқ тўғри эмаслигини кўрсатди.
 
Шунингдек, вазирлик Россия томони билан келишиб, мазкур чекловни бекор қилиш бўйича чоралар кўрилаётганини ҳам маьлум қилди. Бироқ кўп ўтмай, чекловлар бекор бўлиш ўрнига янги куч билан кенгая борди. 

2020 йилнинг 4 декабрь куни Россельхознадзор Навоий вилоятидан келтирилган помидорлардан жигарранг ажинлар вирусини топиб, помидор ва қалампир, 7 декабрь куни эса қуритилган ўрик партиясида хапра қўнғизи аниқланганини айтиб, Фарғона вилоятидан барча турдаги ўсимлик маҳсулотларини олиб киришни тўхтатиб қўйди.
 
Ваҳоланки, 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Россельхознадзор расмийлари билан музокара ўтказилгани ва мамлакат ҳудудига қуритилган ўрик маҳсулоти олиб кирилишига тақиқ қўйилмаслиги борасида келишувга эришгани ҳақида хабар берганди.
 
Россия Фарғонадан  ўсимлик маҳсулотлари олиб киришга тақиқ қўйганидан икки кун ўтиб, 9 декабрь куни Ўзбекистоннинг яна бир вилоятидан импорт қилинаётган помидор ва қалампирда гўё вирус аниқланиб, чеклов қўйилди. Тақиққа учраган навбатдаги вилоят Қашқадарё эди.
 
Россия бозорига ишонган ўзбек тадбиркорлари эса маҳсулотига куйиб қолаверди. Негаки Ўзбекистондан Россияга маҳсулот ташиш анча вақт оладиган жараён бўлиб, тақиқ сабаб уни ортга қайтарганда ҳам товарнинг катта қисми истеъмолга яроқсиз ҳолга келиб қолади.
 
Москванинг тақиқлари ортидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси мазкур вирус масаласига ойдинлик киритиш мақсадида фитосанитар назорат ўрнатди.
 
Босим қуроли
 
Россельхознадзор шундан сўнг турли даврларда Ўзбекистоннинг айрим вилоятларига қўйилган чекловларни юмшатди, алоҳида корхоналарга маҳсулот импорти учун қўйилган чекловларни бекор қилди. Аммо маҳсулотлардан топилган вирус масаласи якунига етмади. Маҳсулот импорти учун чеклов босим қуроли сифатида ўз моҳиятини йўқотмади. Демак-ки, Москва исталган пайтда, балки Россия иқтисодиёти гарданига ортилган Ғарб санкциялари юки озайиши биланоқ, бекор қилинган чекловларни яна тиклаши ҳеч гап эмас.

Қолверса, Москва асосий бозори Россия бўлган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига чекловни Тошкентни Кремль етовидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши учун ҳам жорий этган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Негаки, ЕОИИнинг асосий тамойили ягона бозорни ташкил этиш. Бироқ ташкилотга аъзолик ҳақиқатан ҳам фойдалими, Россия иқтисодий иттифоқчиларига ҳам импорт чеклови қўллай олмайдими, деган саволлар ҳам йўқ эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3249

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг