Биология бўйича Миллий сертификат учун тест натижалари бекор қилинди
Жамият
−
06 Август 2021
5047Жорий йил 10 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида биология фанидан миллий сертификат учун тест синовлари ўтказилган эди.
ДТМнинг маълум қилишича, мазкур тест синови натижалари Давлат тест маркази томонидан ҳисобланиб, таҳлил қилинганда биология фанидан тест топширувчилар балларининг частота тақсимотида нормал тақсимотдан катта оғишлар мавжуд эканлиги аниқланди. Яъни биология фани бўйича тест натижалари таҳлили тестология мезонлари бузилганлигини, аниқроқ қилиб айтганда натижалар айрим ҳудудларда жуда юқори эканлигини кўрсатди.
“Биология фани бўйича тест натижалари таҳлилига кўра тестология мезонлари бузилганлиги, талабгорларнинг биология фанидан мактабда олган ўртача баҳолари билан тест синовидаги натижалари ўртасида тафовутлар юқори эканлиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлганлиги учун халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда 10 июнь куни биология фанидан миллий сертификат учун ўтказилган тест синови натижалари эълон қилинмаслигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 10 июнь куни биология фани бўйича тест синовида иштирок этган барча талабгорларнинг тўлови тўлиқ қайтарилади.
Уларга барча абитуриентлар каби олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида мутахассислик фанларининг ҳар биридан 20 та тест топшириғи (миллий сертификат имтиҳонидаги 50 та тест топшириғи ўрнига) ва 1 соатдан вақт берилади.
Қайд этиш керакки, аввалроқ ижтимоий тармоқларда кимё ва биология фанларидан миллий сертификат учун ўтказилган тестнинг жавоблари сотилгани ҳақида хабар тарқалиб, одамларнинг қаттиқ норозиликларига сабаб бўлаётган эди.
Жорий йил июнь ойида мазкур ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Давлат тест маркази ҳамкорлигида текшириш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар бергандик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь