Binance криптобиржаси асосчиси истеъфога чиқди. У 50 млн доллар жарима тўлайди
Олам
−
23 Ноябрь 2023
3801Binance криптобиржаси асосчиси Чангпенг Чжао истеъфога чиқмоқда, компания эндиликда 4,3 млрд доллар жарима тўлаши керак бўлади. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Қайд этилишича, прокурорлар Binance'ни лицензиясиз пул ўтказмалари бизнесини юритиш, банк ва санкциялар тўғрисидаги қонунларни бузганликда айблаган.
Айбловларга кўра, Binance баъзи мижозларини жиноий фаолият билан шуғуллангани туфайли савдодан четлаштирганидан кейин, уларга асосий савдо платформасига қайтиш имкониятини берган.
Гап шундаки, Чангпенг Чжао ва Binance'нинг бошқа юқори мартабали ходимлари шу каби яна кўплаб қонунларни четлаб ўтган.
Улар банк сирига оид қонуннинг айрим қисмлари – молиявий институтлар ва уларнинг ходимларидан мижозларининг асл шахсини аниқлаш, жиноятчилар ёки иқтисодий санкцияланган шахслар билан бизнес юритмаслик ва АҚШда жойлашган ҳар қандай бизнесни тартибга солувчи органларда рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузган.
Суд ҳужжатларида қайд этилишича, санкцияларга дучор бўлган Эрон, Куба ва Суриядан келган мижозлар платформага кириш имконига эга бўлган. Шунингдек, Binance террорчи гуруҳлар иштирокидаги шубҳали транзакциялар ҳақида хабар бермагани айтилмоқда.
Бунинг учун Чжао 18 ойгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин, аммо прокурорлар қаттиқроқ жазони талаб қилиш имкониятини сақлаб қолмоқда. Суд унинг Binance'даги ҳар қандай иштирокини 3 йилга тақиқлаши ҳам мумкин. Ушбу жараёнда, Чжао 50 миллион доллар жарима тўлаш ва компания раҳбарлигидан кетишга рози бўлган.
“The New York Times”нинг ёзишича, Чангпенг Чжао ўз айбига иқрор бўлиб, компания томонидан ҳукуматга бир нечта жарималар йиғиндиси сифатида жами 4,3 миллиард доллар тўланишини билдирган.
Маълумот учун, Binance'га 2017 йилда асос солинган. Ушбу бренд остидаги Binance Holdings Ltd кунлик савдо ҳажми бўйича энг йирик криптовалюта алмашинувини бошқарадиган глобал компания бўлиб, яқин вақтгача у криптовалюта бозорининг деярли 60 фоизига эгалик қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Истанбул суди Thodex криптобиржасининг раҳбари Фарук Фотиҳ Озер, унинг синглиси ва укасини фирибгарлик, жиноий ташкилотга раҳбарлик қилиш ва пул ювишда айблаб, ҳар бирини 11 196 йилга озодликдан маҳрум қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь