Бесоқолбозлар ҳимоячиси Бозоровни дўппослаганлар қидирувга берилди

Жамият 9506
image

Жорий йилнинг 29 март куни Тошкент шаҳрида ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланган эди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ушбу воқеа юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этди

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот ресурсларида 1991 йилда туғилган Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказилгани ҳолати бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. 

Маълум қилинишича, тергов томонидан суд-тиббий экспертиза хулосаси олингач, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “к” бандига (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) қайта малакаланган. 

Маълумотга кўра, жиноят иши доирасида тузилган тергов-тезкор гуруҳ томонидан 100 дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинган, жиноятчилар ҳаракатланган бўлиши мумкин деб гумонланган 41 172 та автотранспорт воситалари ўрганилмоқда. Мазкур жиноятга алоқадор фуқароларнинг шахслари аниқланмоқда. 

Тошкент шаҳар ИИББ юқоридагиларни инобатга олиб, жабрланувчининг сўзидан тузилган фоторобот асосида Миразиз Бозоровга тан жароҳати етказишга алоқадор бўлган гумон қилинувчининг шахсини аниқлашда ёрдам сўраган.

Ўзбекистонда бесоқолбозлик расман қонун билан тақиқланган. Ушбу жиноятни содир этганлар Жиноят кодексининг 120-моддаси (бесоқолбозлик) билан жиноий жавобгарликка тортилиши белгилаб қўйилган. Аввалроқ Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалганлар қанчалиги очиқланган эди.

Аввалроқ, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат билан чиққанди.

Шундан сўнг, бу масала кун тартибига чиқди ва айни вақтда кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиняпти. Бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутат Расул Кушербоев ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаганди.

Жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида мамлакатда бесоқолбозликни қўллаб-қувватлаётган шахслар ва уларнинг ғояларига қарши намойиш ўтказилди.

Кейинчалик Тошкент шаҳар ИИББ “Сквер”даги намойишда 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Шунингдек, Ўзбекистонда ЛГБТ ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Миразиз Бозоров ўласи қилиб дўппосланди.

Шундан сўнг АҚШ элчиси Бозоровнинг дўппосланишини суриштиришни сўради. Унинг ортидан Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.

Хорижлик дипломатларнинг муносабатидан кейин Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов халқаро ташкилотларга мурожаат йўллаб, ҳар қандай давлатга  бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши кераклигини таъкидлади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 197
Рейтинг: 3
t
×