Бердимуҳамедовнинг Тошкентга келиши тасдиқланди

Олам

image

Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов 8-9 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 16-саммитида иштирок этади. Бу ҳақда Туркманистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида маълум қилди, деб ёзди “Нейтрал Туркменистан” расмий газетаси. 

Мередов таъкидлаганидек, Туркманистон ИҲТга раислик қилади. Раислик даврида ИҲТ маконида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, энергетика, шунингдек, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тегишли концепция ишлаб чиқилган. Ташкилотнинг аввалги саммити 2021 йил 28 ноябрь куни Ашхободда бўлиб ўтган эди. 

Шунингдек, ИҲТ саммитида иштирок этиш учун Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Покистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар Какар, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Тошкентга келиши кутилмоқда.

Озарбайжон ва Туркия Президентларига рафиқалари – Меҳрибон Алиева ва Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қилиши кутилмоқда. 

QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, саммитнинг барча тадбирлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Тадбир кун тартибидан савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт ва инновациялар, рақамли технологиялар, транспорт, логистика, туризм ва бошқа устувор йўналишларда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Маълумот учун, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. У 1964 йилда Эрон, Покистон ва Туркия томонидан “Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” номи билан тузилган. 
Кейин 70-йилларда ички минтақавий савдо сусайиб кетгани учун ўз фаолиятини тўхтатган. 1985 йилда “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти” номи билан қайтадан ўз фаолиятини бошлади. 1992 йилнинг 28 ноябирида Исломобод шаҳрида аъзо давлатлар Ташки ишлар вазирлари кенгашининг фавқулодда йиғлишида Афғонистон, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистан, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари ИҲТга аъзо бўлган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Сердар Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг